Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Болалар ва оилалар фаровонлиги – долзарб масала

2019-11-22 | Жамият

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда болалар ва оилалар фаровонлигини таъминлашда ижтимоий ишни мустаҳкамлаш“ мавзусида халқаро форум ташкил этилди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан “Сен ёлғиз эмассан“ республика жамоатчилик болалар жамғармаси, “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Миллий университети, ЮНИСЕФ жамғармаси ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган ушбу форум БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида ўтказилди.
 
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, “Сен ёлғиз эмассан“ республика жамоатчилик болалар жамғармаси директори Матлуба Охунова, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Тошмуҳамедова, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори Васила Алимова ва бошқалар Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофазалаш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
 
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда болалар, хотин-қизлар, оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янгича асосдаги ёндашув йўлга қўйилди. Турли вазирлик ва идоралар, масъул ташкилот вакиллари жойларда бўлиб, маҳаллалар, хонадонлар, фуқаролар билан бевосита очиқ, ошкора, самимий мулоқот ўрнатишга, мавжуд камчиликларни атрофлича таҳлил этишга, уларнинг ечимини топишга катта эътибор қаратмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ёшлар иттифоқи, “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний“ жамғармаси каби ташкилотлар бу борада узвий ҳамкорлик асосида иш олиб бораётир.
 
Болалар манфаатларини таъминлашда, уларни ижтимоий ҳимоялашда, васийликка олишда янгича механизмлар ишга солинмоқда. Бунда болаларнинг оилавий муҳитда тарбияланишига катта аҳамият қаратилмоқда. Мураккаб шароитдаги оилалар, уларда тарбияланаётган болаларга ҳар томонлама амалий, моддий, маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг ўзида ўтказилган “Меҳр“ операциялари қуролли тўқнашув авж олган давлатлардаги адашган фуқаролар, оилаларнинг гўдакларини Ўзбекистонга қайтаришда, уларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатишда муҳим аҳамият касб этди.
 
Ёш авлод манфаатларини таъминлашга доир миллий қонунчилигимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мақсад-муддаоларига уйғундир. Айни пайтда юртимизда ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг улғайиши, уларнинг таълим билан қамраб олиниши, жамиятга мослашиши йўлида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда “Сен ёлғиз эмассан“ республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан эҳтиёжманд, тиббий имконияти чекланган ўғил-қизлар манфаатларини таъминлаш, улар саломатлигини асраш, ҳаётий кўникмалари, маънавий-ахлоқий фазилатлари тўғри шаклланиши учун барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилмоқда. Алоҳида эҳтиёжли ўғил-қизлар, уларнинг тақдири мазкур тузилмаларнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
 
– Ўзбекистонда қисқа вақт ичида ушбу форум мавзусига оид масалалар юзасидан салмоқли ютуқлар қўлга киритилгани билан табриклайман, – деди халқаро эксперт Стэла Григораш. – Дарҳақиқат, ўтган йилги форумдан буён мамлакатингизда кўплаб муваффақиятларга эришилди. Болалар институционал муассасалардан оилалар бағрига қайтарилмоқда. Айни дамда ушбу анжуман соҳага тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш, уларга ечим топишда ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилади.
 
– Ўзбекистонда болалар ҳимояси, уларнинг истиқболи билан боғлиқ кўплаб ижобий қарорлар, ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, – деди ЮНИСЕФнинг минтақавий офиси вакили Фенни Какама (Швейцария). – Шу билан бирга уларда белгиланган чораларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши ҳам ғоят муҳимдир. Ҳуқуқий ва ижтимоий соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, тизимда маълумотлар йиғиш ва тўплаш, оилалар билан узвий иш олиб боришни янада кучайтириш долзарбдир.
 
Тадбир иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда болалар баркамол ривожланишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга оид амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, болалар ва оилаларга манзилли хизмат кўрсатиш бўйича энг яхши амалиётни танлаш, оилавий нотинчлик, ижтимоий етимлик ва болалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий ишчилар, ижтимоий хизматни такомиллаштириш, васийлик тизимини ислоҳ этишда бир-бирига яқин касб мутахассислари ва парапрофессионалларнинг роли ва вазифаларини белгилаш ва бошқа тааллуқли масалаларни атрофлича муҳокама этишди.
 
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова сўзга чиқди.
 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться