Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика вазирлигида Япония элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2019-11-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов жорий йилнинг 19 ноябрь куни Япониянинг мамлакатимиздаги элчиси Йошинори Фудзиямани қабул қилди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилди.
Мулоқотда Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Учрашувда таъкидланганидек, Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб, узоқ йиллардан буён республикага энг илғор технологияларни амалиётга жорий этишда ёрдам бериб келмоқда.
Томонлар энергетика, нефть-газ, кимё ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокарада кўмирга асосланган электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳасининг мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратилди.
Япония томони Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг япон компаниялари ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон электр энергетикаси соҳасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JIKA) молиявий кўмаги билан Навоий ИЭСнинг буғ-газ қурилмаси (БГҚ) ва Тўрақўрғон ИЭС қурилиши лойиҳаларини бугунги кунда муваффақиятли амалга оширмоқда.
Агар мамлакатимизда йиллик электр энергиясини ишлаб чиқариш тахминан 65 миллиард кВт.с ни ташкил қилса, шундан 57 млрд. кВт. с иссиқлик станцияларида ишлаб чиқарилмоқда. JIKA молиявий кўмагида қурилган буғ-газ станцияларининг иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилган умумий электр энергияси ҳажмининг 20-25 фоизини ташкил этади.
Бугунги кунда "Навоий ИЭСда учинчи буғ-газ қурилмаси қурилиши" лойиҳаси доирасида қуввати камида 600 МВт тенг электр энергияси ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаси доирасида ҳамкорлик давом этмоқда. Шунинг билан бирга, Навоий ИЭСда тўртинчи буғ-газ қурилмаси қурилишини молиялаштириш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.
Таъкидлаш жоизки, Япония компаниялари билан нефть-газ соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Хусусан, "Ўзбекнефтгаз" АЖ "Mitsubishi Corporation" билан ҳамкорликда табиий газдан моноэтиленгликолни ишлаб чиқариш масаласини ўрганмоқда.
Бундан ташқари, "Yokogawa Corporation" билан "Ўзбекнефтгаз" АЖ ўртасида технологик жараёнларни бошқариш тизимини автоматлаштириш соҳасида ўзаро англашинув меморандуми имзоланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги