Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент халқаро туризм ярмаркасида инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
2019-11-21 | Туризм
13-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” ХХV Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида инновацион лойиҳаларга доир давра суҳбати ўтказилди. Унинг доирасида жорий йилда инновацион туризм соҳасида амалга оширилган лойиҳалар тақдим этилди.
Ушбу давра суҳбатида туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар (туроператорлар, меҳмонхоналар, гидлар, транспорт ташкилотлари ва б.) ва илмий тадқиқот муассаcалари, жумладан, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг «Инновацион туризм ва таълим маркази» илмий ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Россиянинг «2GIS» МЧЖ қўшма корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган “2gis.uz” - Тошкент шаҳрининг 3D моделли маълумотлар харитаси ҳақида сўз юритилди. Россиянинг “Яндекс” трансмиллий компанияси билан биргаликда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Нукус шаҳарларидаги маданият, туризм ва кўнгилочар объектларнинг панорама тасвирлари (360°) тақдимоти бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан инклюзив туризм (тўсиқсиз туризм) турини мамлакатимизда ривожлантириш истиқболлари тўғрисида тақдимот қилинди. Инновацион лойиҳаларга оид ташаббуслар давра суҳбати иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Тадбиркорлар ўз фаолияти доирасида улардан самарали фойдаланишларини қайд этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги