Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Наманган вилояти ҳокими тадбиркорларга мурожаат қилди

2019-11-19 | Жамият

Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Наманган вилояти ҳокимининг вилоят тадбиркорлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтган учрашувда туманлар студияларида ҳам ҳар бир туман раҳбарлари ҳамда маҳаллий тадбиркорлари иштирок этдилар.
 
“Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” – деган бош ғояни ўзида мужассам қилган учрашувда мамлакатимизда сўнгги уч йилда олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг марказидан жамиятимиз тараққиётининг асосий устуни бўлган тадбиркорликни ривожлантириш масаласи ўрин олаётгани таъкидланди.
 
Нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш жойлардаги ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси экани аслида уч йилдан буён Давлатимиз раҳбари томонларидан олиб борилаётган сиёсатнинг асосий талаби бўлиб келиб келаётгани қайд этилди.
 
Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмагани, жойларда ҳокимликлар, давлат органлари идоралари томонидан иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига баъзи ҳолатларда етарли эътибор берилмаётгани эътироф этилди.
 
Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом-ашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилаётгани тилга олинди.
 
Хайрулло Бозоров икки қисмдан иборат бўлган мурожаатномасида дастлаб Наманган вилоятида сўнгги уч йилда эришилган натижалар ҳамда иқтисодий ва инвестицион кўрсаткичларни таҳлил қилди.
 
“Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 2019 йил 10 ойлиги давомида 3,8 трлн.сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 мартага ортди. Шундан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 1 трлн. сўмни ташкил этди.
 
Бу каби амалга оширилаётган кўплаб ислоҳотлар ва амалий чоралар ўзининг ижобий натижасини беришни бошлади.
 
Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида янги қувватларни фойдаланишга топшириш натижасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
 
Кичик бизнес вилоят ялпи ички маҳсулотининг қарийб 80 фоизини, саноат маҳсулоти ҳажмининг 76 фоизини, чакана савдо айланмасини 88 фоизини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини ташкил этмоқда.
 
2019 йил 9 ойи давомида саноат корхоналари томонидан 6 трлн. 385 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ҳамда 4 трлн. 100 млрд. сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди”.
 
Вилоятда бугунги кунда пахта етиштиришда 4 та кластер корхонасига 8 та туман бириктириб берилгани, ғаллачиликда эса 2020 йилдан бошлаб 2 та кластер корхонасига 3 та туман бириктирилишини, “Арт Софт Ҳолдинг” МЧЖ таркибига 18 та қўшма корхоналар ташкил этиш эвазига 2019-2022 йилларда 114,2 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини қайд этган вилоят ҳокими, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда хам кластер корхоналарини ташкил этиш ва фаолият юритишлари учун этарли шароитларни яратиб бериш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
 
Истиқболда саноатни барқарор ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталган вилоят ҳокими Учқўрғон, Тўрақўрғон, ва Наманган туманларида юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини, мева-сабзавотлар етиштиришда қишлоқ хўжалигининг катта салоҳиятга эга эканлиги инобатга олиб, Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилишини, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича муайян устуворликларга эга бўлган Косонсой, Турақўрғон, Поп ва Чуст туманларидаги ер қазилма конларидан фойдаланган ҳолда, ҳудудлараро лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида қурилиш саноати индустриясини ривожлантириш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
 
Муҳтарам Президентимиз томонларидан хорижий инвесторлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар, шунингдек хорижий давлатлардаги Ўзбекистон элчиларининг Наманган вилоятига бириктириб берилгани натижасида 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят бўйича жами 91 та лойиҳада 224,1 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилгани, 2017 йилга нисбатан солиштирганда эса тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 32 баробарга ўсганлиги мамнуният билан таъкидланди. 2020 йилда вилоятга жалб этиладиган хорижий инвестициялар ҳажмини 500 миллион долларга этказиш режалаштирилаётгани қайд этилди.
 
Вилоятимизда бўш турган 56 та давлат мулки объектлари “Электрон-онлайн аукционларида инвесторлар томонидан 1 йил давомида 16 440 млн. сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 781 нафар янги иш ўринлари яратиш шарти билан 921 млн. сўм қийматда сотилди.
 
Ўтган ҳафта Давлатимиз раҳбари томонларидан ўтказилган Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитларни яратиш борасидаги йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан ушбу мурожаатнома эълон қилинаётганини қайд этган Хайрулло Бозоров, бундан буён “тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин” деган ғоя, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш ҳар бир раҳбар, ҳар бир идора фаолиятининг асосий қоидасига айланишини таъкидлади.
 
“Эндиликда ҳалол ишлаган тадбиркорни ҳеч бир давлат органи текширмайди, ҳар қандай муносабат тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади. Хатога йўл қўйган тақдирда ҳам жазо эмас, тузатишга кўмаклашиш принципи қўлланилади. Бундан буён ҳокимлар Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бош вазир қабулхонасининг жойлардаги вакиллари билан кунлик учрашув ўтказадилар, ҳар бир қилинган мурожаатни ҳал этиш бўйича тезкор кўмак берадилар.” деди вилоят ҳокими.
 
Йиғилишда туманлар студияларига тадбиркорларни етарли жалб қилмагани, Давлатимиз раҳбари томонларидан берилган топшириқнинг моҳиятини тўла англаб этмагани учун Наманган, Тўрақўрғон, Поп ҳамда Янгиқўрғон туманлари ҳокимларига расмий ҳайфсан эълон қилинди. Бу борада ўзининг қатъий позициясини билдирган Хайрулло Бозоров, “Бундан буён тадбиркорни қўллаб-қувватламаган, унга кўмак бериб, ҳар бирига алоҳида ёндашув билан иш олиб бормаган ҳокимлар, раҳбарлар ишламайди” деб таъкидлади.

Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги

Поделиться