Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматовнинг тадбиркорларга МУРОЖААТНОМАСИ

2019-11-17 | Жамият

ТАДБИРКОРЛАРГА КЎМАКДОШЕЛКАДОШ ВА МАДАДКОРМИЗ!

Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармон дўстлар!

Ўзингизга жуда яхши маълумки, мамлакатимизда айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантиришга давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида қаралаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг охирги уч йилда эълон қилинган 50 дан ортиқ фармон ва қарорлари айнан мана шу соҳага йўналтирилгани ҳам бу фикрга аниқ мисолдир. Демоқчимизки, бугун сизларнинг эмин-эркин ва албатта, амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида, ислоҳотлар суръатига монанд равишда жадаллик билан иш юритишингиз мамлакатимиз иқтисодиётига куч-қудрат бахш этади.

Вилоятимизда бугунги кунда 36 минг 808 та тадбиркорлик субъекти, 21 минг 232 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритаяпти. Мазкур мурожаатнома орқали, аввало, ана ўша меҳнаткаш, ишбилармон дўстларимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Бинобарин, айнан сизларнинг замон талабига мос саъй-ҳаракатларингиз эвазига бугун биз – Тошкент вилояти расмийларининг ҳамда меҳнат аҳлининг эл-юрт, Ватан олдида юзимиз ёруғ, тилимиз узун бўлиб турибди.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, тадбиркорга етарли шарт-шароит яратиш мамлакат истиқболини шакллантириш, унга ҳисса қўшиш демакдир. Вилоятнинг барча даражадаги раҳбарлари муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикрларини ўзимизга дастуриламал қилиб олганмиз.

Албатта, ҳозир вилоятимиз тадбиркорлари, яъни сизлар эришган марралар, мамлакат ва вилоят фаровонлигига қўшган ҳиссангиз ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин. Муҳими, мамлакат оиласида Тошкент вилояти тадбиркорлари салмоқли ўринни эгаллайди.

Шунинг баробарида, таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳали-ҳануз жойларда баъзи мансабдорлар томонидан тадбиркорлик фаолиятига сунъий тўсиқ қўйиш, турли шаклда босим ўтказиш, мутлақо асоссиз равишда ҳар хил тадбирларга “ҳомий” сифатида жалб этиш ҳолати кузатилаяпти. Биз бундай кампаниявозликка фаолиятимизнинг илк кунидан бошлаб қарши бўлганмиз ва бундан кейин ҳам қатъиян қаршилик қиламиз. Қолаверса, баъзи мансабдорлар томонидан мажлисбозлик касалига ружу қўйилаётгани ҳам бизни ниҳоятда ташвишга солади.

Шу муносабат билан эътиборингизни олтита муҳим жиҳатга қаратишни ўринли деб биламиз.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатаяптики, муаммоли вазиятларнинг аксарияти кредит ва ер ажратиш соҳасига тааллуқли. Шунингдек:

инфратузилма тармоқларига уланишда белгилаб берилган муддатларга риоя қилмаслик ёки асоссиз рад этиш;

тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва мулкка эгалик ҳуқуқини белгилашда ваколатли органлар томонидан сансалорлик ва ортиқча қоғозбозлик талаб қилиш;

кредит ажратишда асоссиз важларнинг ишлатилиши, гаровга қўйилаётган мулкларни нархлашда тадбиркор билан банк ўртасидаги келишмовчилик;

тадбиркорларга тегишли бўлган хусусий мулкларни асоссиз олиб қўйиш, ободонлаштириш баҳонасида тадбиркорлар мулкини ноқонуний бузиш ёки кўчириш;

маҳаллий ҳокимликларда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, солиқ, савдо-саноат палатаси, тижорат банклари, давлат активларини бошқариш ҳамда давлат хизматлари агентликлари, архитектура, кадастр ва шу каби тадбиркорлик фаолиятига алоқадор бўлган бошқа кўплаб идоралар ўртасида ўзаро боғлиқликнинг мувофиқлашмаганлиги каби салбий омиллар мавжудлиги ҳам, афсуски, очиқ-ойдин бир ҳақиқатдир.

Юқоридаги салбий ҳолатларни инобатга олиб, ислоҳотлар шиддатли тус олган бугунги кунда, замон талабига кўра барчангизга қарата қуйидаги ўзгармас ҳақиқатни яна бир марта такрорлашни ўринли деб биламиз:

Ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар тақдим этган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Ҳеч қандай таниш-билишчилик, инсон омили ўртага суқилмайди.

Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларсиз амалга оширилади.

Иккинчидан, бундан кейин ҳам кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, кластер ва қишлоқ хўжалиги соҳасини изчил ривожлантириш вилоят ҳокимлигининг диққат марказида бўлади. Бу мақсадда кўплаб янги лойиҳалар ишлаб чиқилган, молиявий ресурслар бўйича ҳам аниқ ҳисоб-китобимиз бор.

Қадим-қадимдан халқимиз ҳам зиёли, ҳам тадбиркор бўлган. Тадбиркорлик қобилиятини ривожлантиришда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 15,5 минг нафар фуқарога 411 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Тикувчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик каби соҳаларга ихтисослашган ўнлаб оилалар ҳалол меҳнатлари, фидойиликлари боис элга танилди. Улар раҳнамолигида “Устоз-шогирд” лойиҳаси доирасида минглаб ёш йигит-қизлар ҳунар ўрганмоқда.

Вилоятимизга жорий қишлоқ хўжалиги йили ниҳоятда омадли келди. Вилоят аҳолиси, фермер, агро ва пахта-текстиль кластерларининг раҳбарлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги Президент ислоҳотлари самарасини чуқур ҳис этдилар.

Хусусан, бу йил Оққўрғон, Чиноз, Қуйи Чирчиқ туманлари биринчи бўлиб пахта ҳосили бўйича шартномавий режани бажарди. Шунингдек, Пискент, Бўка, Ўрта Чирчиқ туманлари ҳам пахта хом ашёсини етиштириш бўйича алоҳида намуна кўрсатди. Очиғини айтиш керакки, неча йиллардан буён бундай натижага эришмаган бу туманларда нима ўзгарди? Ер – ўша, деҳқон – ўша, сув ва агротехник тадбирлар – ўша.

Чуқур миннатдорлик туйғуси билан эътироф этиш жоизки, ўтган йилларга нисбатан жорий йил вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ўзгаришлар йили бўлди. Яъни, шахсан муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан Тошкент вилоятида жами 6 та агрокластер ташкил этилди. Улар 54 минг гектар ерда ғўза парвариш қилишди.

Бу ўринда гап шунчаки қишлоқ хўжалигида бир тизимнинг ўзгариши ҳақида эмаслиги кундек равшан. Гап – дунёқарашнинг ўзгариши, ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши ҳақида кетаяпти. Бинобарин, ислоҳотларнинг моҳияти ҳам ана шунда.

Учинчидан, тадбиркорларга кўмак берувчи, уларни қўллаб-қувватловчи давлат ва жамоат ташкилотларининг иш фаолиятида ҳам сезиларли равишда жонланиш бўлди.

Биз юқорида айтайлаб “жонланиш” деган сўзни айтдикки, яқин тарихимизда тадбиркорга кўмак бериши керак бўлган ташкилотлар, минг афсуски, амалда уларнинг оёғига болта уриш билан шуғуллангани инкор этиб бўлмас ҳақиқат эканини ўзингиз яхши биласиз. Давлат раҳбарининг мардона позицияси, кучли сиёсий иродаси туфайли эндиликда бундай шармандали амалиётларга қарши аёвсиз курашилаяпти. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига ўзбошимчалик билан тўсиқ қўядиган, сунъий равишда нарх-навони ўйнатадиган корчалонлар даври ўтди. Сизларни ишонтириб айтамизки, бутун Ўзбекистонимизда бўлганидек, Тошкент вилоятида ҳам қонун олдида барча баб-баравар жавоб бериши, ҳаммага тенг имконият тақдим этилиши кафолатланади.

Тўртинчидан, “Қарс икки қўлдан чиқади”, дейди доно халқимиз. Бугун шундай бир даврда яшаяпмизки, тадбиркорда яхши ният, оригинал ғоя, аниқ мақсад ва режани амалга ошириш бўйича пухта механизм, ижрочилик салоҳияти бўлса, бас. Биз бундай тадбиркорларни ҳам, албатта, қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Такрор ва такрор айтамизки, бугун жонажон Ватанимизнинг қадди тик кўтарилаётган бир тарихий пайтда ишлайман, деган тадбиркорга шароит яратиб бермаслик – давлат сиёсатига нисбатан хиёнат. Тошкент вилояти ҳокимлиги жамоаси бу ҳақиқатни яхши тушунади ва ўз иш тартибини шу ҳақиқатга мувофиқ ташкил этади. Шунинг баробарида, вилоятдаги барча даражадаги раҳбарлардан мана шу тартибда ишлашини талаб қилади.

Бешинчидан, ижозатингиз билан, шу ўринда, мухтасар шаклда вилоятимизнинг 2020 йил ва ундан кейинги даврларда бизнес истиқболини чамалашда аҳамият беришингиз керак бўлган жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Яқин келажакда Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари вилоятнинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати марказига айланади. Бўка, Бекобод, Қуйи Чирчиқ шоликорлари, Тошкент, Зангиота, Қибрай туманлари боғбонлари, Паркент узуми, Ўрта Чирчиқ мебелсозлари эл тилига тушган. Мазкур соҳаларни модернизация қилиш, янгича технологиялар асосида маҳсулот етиштиришни йўлга қўйишда Сизнинг тажриба ва ишбилармонлигингиз ғоятда қўл келади, деб умид қиламиз.

Мева-сабзавотчилик ва боғдорчилик маркази бўлган Янгийўл ҳамда Юқори Чирчиқ туманларида мева-сабзавот ҳамда гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги саноати йўналишида корхоналар, логистика марказлари ташкил этишга устуворлик берилади.

Пискент ва Оққўрғон яқин вақт ичида тўқимачилик-трикотаж саноати ривож топган туманларга айланади. Айни бу борадаги қулай имкониятлардан ҳамон самарали фойдаланилмаяпти. Шу боис, тадбиркорларнинг бу соҳаларни яратиш ва кенгайтириш борасида олиб бораётган хайрли ишларига кўмакдош бўлишимиз зарур.

Балиқчилик маркази бўлмиш Чиноз туманида мева-сабзавот, тўқимачилик-трикотаж саноати маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш, интенсив усулда пахтазорлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида ёғ-мой ишлаб чиқариш ва енгил саноатни чуқурлаштириш, пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришнинг янги, замонавий кичик технологияларига асосланган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш имконияти бўлса, Оҳангарон шаҳри мўъжаз саноат ҳудуди бўлиши баробарида, географик жойлашувига кўра, замонавий овқатланиш тармоғи бизнеси вакиллари учун истиқболли ҳудуд бўлиб турибди.

Шунингдек, Оҳангарон туманида чорвачиликнинг барча турлари, пардоз ғиштлари ва черепица плиталар ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш имкониятлари ҳалигача ишга солинмади. Мавжуд тадбиркорлик субъектлари, энди фаолиятини бошламоқчи бўлган тадбиркорлар бу соҳаларга жиддий эътибор беришларини сўраймиз.

Тадбиркорлар Паркент ва Бўстонлиқ туманларида фармацевтика, шунингдек, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича барча имкониятларга эга. Лекин, улар ушбу қулай имкониятлардан ҳамон самарали фойдаланмаяптилар. Биз бу борада ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ҳар бир тадбиркорга “Чорбоғ” ЭИЗдан энг қулай шароитларни яратиб берамиз. Биз сизнинг реал таклиф ва пишиқ-пухта режаларингизни кутаяпмиз.

Қўшимча қилиб айтиш жоизки, Чирчиқ шаҳрида кимё ва энергетика саноати, Ангрен шаҳрида энергетика, Олмалиқ шаҳрида нодир металлар билан боғлиқ бизнесни ривожланиши учун қулай муҳит, муайян инфраструктура мавжуд.

Умуман, наинки юқорида саналган йўналишлар, қолаверса, моҳиятида эл-юртга нафи тегадиган ҳар қандай бизнесга биз етарли шароит яратиб берамиз. Аниқроқ айтганда, тадбиркорларга давлат томонидан берилган барча имтиёз ва шарт-шароитларга бекаму кўст амал қилинишини таъминлаймиз.

Мени яқиндан таниганлар бир ҳақиқатни яхши билишади. Мен бир сўзли инсонман. Юқоридаги гапларимиз қуруқ ваъда ёки ишонтириш учун тўқилган чиройли жумлалар эмаслигини исботлаш учун бор имкониятимни ишга соламан. Чунки, барчамизнинг олдимизда битта муқаддас вазифа турибди – она Ватанимизни, мамлакатимиз раҳбари қайта ва қайта таъкидлаётганларидек, дунёнинг энг ривожланган, буюк давлатлари сафида кўриш орзуси бизни бирлаштиради.

Олтинчидан, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича барча шаклда, туну кун шахсан вилоят ҳокимига мурожаат қилиш механизми йўлга қўйилмоқда.

Эндиликда Сиз телеграм мессенжеридаги

+99899 873 54 01 рақами орқали шахсан ўзимга мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг расмий саҳифасидаги @viloyatga_murojaat_BOT махсус алоқа боти орқали ҳам исталган пайтда мурожаат йўллашингиз мумкин.

Сўзим якунида алоҳида таъкидлашни истардимки, биз – ижро ҳокимияти вакиллари она халқимизнинг фаровонлиги йўлида Сиз тадбиркорлар билан қўлни қўлга бериб, бир мушт, бир вужуд бўлиб ишлашдан, буюк истиқболни бирга қуришдан ғурурланамиз. Бинобарин, биз бугун қайсидир масъул вазифада ишлаётган бўлсак, фақат ва фақат Ватанимиз ривожланишига камарбаста бўлиш, тарихий ислоҳотларни бекаму кўст амалга ошириш мақсадида меҳнат қилаяпмиз.

Фақат шу мақсадда вилоятдаги тўртта сектор раҳбарлари ҳар куни қуйига тушиб, халқимиз билан мулоқот қилиб, мавжуд муаммо ва нуқсонларни аниқлаб, истиқболни белгилаш, бунда сизларнинг таклиф ҳамда маслаҳатларингизга амал қилиш бўйича тўпланган тажрибадан фойдаланамиз. Бу йўлда бизлар янада бирлашиб ҳаракат қилсак, нурли манзилларга ёруғ юз билан етиб борамиз.

Ҳурмат билан,

Рустам Холматов,

Тошкент вилояти ҳокими в.б.

 

Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Поделиться