Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича галдаги вазифалар белгиланди
2019-11-15 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳамда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлили ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хомашё ва технологик ускуналарни импорт қилишда божхона тўловларидан озод этилди.
Буларнинг натижасида сўнгги икки йилда 41 та янги фармацевтика корхонаси ташкил этилиб, жами корхоналар сони 191 тага етди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробарга ўсди.
Фармацевтикага ихтисослашган 8 та эркин иқтисодий зонада қиймати 84 миллион долларлик 18 та янги қувват ишга туширилиб, 600 турдаги дорилар ва 50 дан ортиқ тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Лекин бу қувватлар ҳали етарли эмас, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ассортименти ҳам тор. Шу боис ички бозор эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмаяпти ва импорт қилишга тўғри келяпти.
Мамлакатимиз фармацевтика бозори 1 миллиард доллар атрофида бўлиб, унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссаси юқори эмас. Дори воситалари ҳаракатининг тўлиқ циклини кузатиш – маркировка тизими жорий этилмагани оқибатида уларнинг сифати ва нархини назорат қилиш қийин кечмоқда. Масалан, ўтган икки йилда юртимизга сифат стандартига жавоб бермайдиган 123 миллиард сўмлик дори-дармонларни олиб кириш ҳолатлари аниқланган.
Бундай шароитда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг ишончли ва самарали йўли – диёримизда етиштирилган табиий тоза, доривор ўсимликлар асосида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ҳамда сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва техникалари билан таъминлаш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
2025 йилгача ички бозорда дори воситалари истеъмол ҳажмининг камида 50 фоизини маҳаллийлаштириш, жумладан, ўзлаштирилган дори номларини ҳозирги 2,5 мингдан 4 мингтага етказиш учун имкониятлар етарли экани таъкидланди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига янги турдаги маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, Ҳиндистон, Россия, Украина, Хитой, Венгрия, Болгария ва Словакиянинг йирик фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга яқин беш йилда маҳаллий оригинал дори воситалари сонини камида 100 тага етказиш ҳамда саноат усулида ишлаб чиқариш, шу мақсадда корхоналар ва илмий текшириш институтлари ҳамкорлигида Қибрай туманида замонавий технопарк ҳамда Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим даргоҳи филиалини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Замон талабига мос кадрлар тайёрлаш, соҳа мутахассисларининг хорижда малака оширишини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Молия вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига дориларни махсус маркировкалаш ва ҳаракатини назорат қилиш бўйича дастурий таъминот яратиб, 2020 йил якунига қадар амалиётга жорий этиш топширилди. Бу контрафакт дори воситалари айланишига чек қўйиш ва дориларга бўлган реал талабни “онлайн” равишда кузатиб бориш имконини беради.
Мамлакатимиздаги тармоқ корхоналарида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган GMP стандарти жорий қилинмоқда. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида, импорт қилинаётган хорижий дори воситаларини рўйхатга олишда ҳам мазкур стандартга мувофиқлигини мажбурий текшириш тартибини ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.
Йиғилишда яна бир муҳим масала – соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди. Бу борада шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида эндиликда давлат тиббиёт муассасалари учун дорилар хариди, уларни сақлаш ва етказиб бериш янги тартибда амалга оширилиши белгиланди.
Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказлашган харидлар бўйича тендерлар ташкил этади ва харидлар шаффофлигини таъминлайди. Тендер ғолиблари дори воситаларини марказлашган харид қилиш, сақлаш ва давлат тиббиёт муассасаларига етказиб бериш хизматларини амалга оширади.
Дори воситалари бозорида коррупцияни бартараф этиш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, ижтимоий дорихоналарни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар аҳамиятини оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш, халққа етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича беш йиллик концепция ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ахбороти эшитилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти