Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навбатдаги матбуот анжуманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди
2019-11-15 | Жамият
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ОАВ вакиллари ва аҳоли ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатларга муносабат билдириш мақсадида, ИИВ Ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “ИИОнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Ички ишлар вазири матбуот котиби полковник Шохрух Гиясов, Вазирлик Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари ҳамда бир қатор блогерлар иштирок этди.
Тадбирни Ички ишлар вазири матбуот котиби Ш.Гиясов очиб берди. Шундан сўнг, Вазирлик Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Даврон Азизов сўзга чиқиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги 5005 - сон Фармони асосида, жойлардаги профилактика инспекторларининг сони 5 867 нафардан 7 291 нафарга етказилди. (1 424 нафар қўшимча штат бирлиги ажратилди). Хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида, мавжуд 3 819 та таянч пунктлари қайта ислоҳ қилиниб, уларнинг сони 4 849 тага етказилди. Айниқса, таянч пунктларининг маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода ташкил этилиши асосида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бўйича маҳалла билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланди. Шунингдек, республикада профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари учун 9 009 та штат бирлиги ажратилди ва ҳозирги кунда уларнинг 8 865 нафари тўлиқ жамланиб, фоалияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида республика, вилоят ва туман (шаҳар) ИИОлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 360 та инспектор штати жорий этилди.
Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикада 5 624 нафар хотин-қизларнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди, 4 807 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 1 500 нафари даволашга муҳтожлиги аниқланиб тиббий диспансерларга юборилди, 1 688 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди, 2 944 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 1 106 нафари таълим муасссаларига қайтарилди, 271 нафари “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари”га юборилиши таъминланди. Натижада, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 32,8 фоизга - 4 861 тадан 3 267 тага камайишига эришилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, профилактика инспекторлари томонидан аҳоли муаммоларни тизимли ўрганиш, уларни бартараф этиш мақсадида 10,4 млн.дан ортиқ хонадонлар ўрганиб чиқилди. Уйма-уй юриб ўрганишлар натижасида, 25 мингдан ортиқ оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 10 мингдан ортиқ ёш оилаларнинг ажрашиб кетиши олди олинди. Жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилганлиги натижасида, жорий йилнинг 10 ойи якуни бўйича 4 088 та маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Тадбир давомида блогер ва ОАВ вакилларинининг саволларга Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Қуйида анжуманда берилган савол-жавобларни эътиборингиза ҳавола этамиз.
“Ўзбекистон -24” телеканали вакили
Савол: Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида айтиб ўтсангиз?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги 5005 - сон Фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторларининг сони 5 867 нафардан 7 291 нафарга етказилди.
- Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сон Қарори асосида профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари учун 9 009 та лавозимлар жорий этилиб фаолияти йўлга қўйилди;
- республиканинг барча маҳаллаларида 9566 та “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилиб, мазкур гуруҳларга жами 30190 нафар ёшлар жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилди;
- ҳуқуқбузарликларнинг барвақвт олдини олиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида, 9116 та маҳаллаларнинг 7848 тасида “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолияти йўлга қўйилди;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 июндаги “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқдлаш тўғрисида”ги 495-сон Қарори асосида, республика бўйича жами 360 нафар хотин-қизлар билан ишлаш инспектори ходималари штат бирликлари жорий этилди;
Ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти самарадорлигини ошириш борасида мутасадди идора ва вазирликлар билан ҳамкорликда тегишли ишлар амалга оширилишида давом этилмоқда.
Ўзбекистон Миллий Ахброт агентлиги
Савол: Президентимизнинг тегишли Қарори асосида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилиниб, тегишли тадбирлар ўтказилаётган эди. Негадир ушбу тадбирлар ҳозирда ўтказилмай қўйди, бунинг сабаби нимада?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли қарорига асосан, “Ҳуқуқбузарликлар профилактика куни” бўйича хафтанинг ҳар пайшанба куни республика бўйича тегишли тадбирлар ўтказилиб борилишида давом этилмоқда.
Мазкур тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари бироз сустлашганлиги сабабли, кўзга кўринмаётган бўлиши мумкин. Хусусан, жорий илнинг ўтган 10 ойи мобайнида хафтанинг ҳар пайшанба кунлари жами 42 маротаба “Ҳуқуқбузарликлар профилактика куни” тадбирлари ўтказилган. Мазкур тадбирдар давомида давлат органлари ва бошқа жамоат ташкилотларидан 43784 нафар вакиллар жалб этилиб, 452131 маротаба профилактик суҳбатлар ўтказилган. Шунингдек,
36872 маротаба давомат тадбирлари ўтказилиб, 3794 нафар ўқувчилар таълимга қайтарилган. Ушбу масалада келгусида “Профилактика куни” тадбирларини республика оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ишларини жадаллаштиришимизни маълум қиламиз.
Савол: Жойларда профилактика инспекторлари учун инновацион технологиялардан хизмат фаолиятида фойдаланиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Жавоб: Бугунги кунда инновацион технологияларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди албатта. Шу сабабли, профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятларига ҳам инновацион технологияларни кенг жорий этиш мақсад қилинган. Бу борада, уларга хизматда фойдаланиш учун зарурий дастурий таъминотлар ўрнатилган “Планшет” мосламалари тарқатилиши режалаштирилган.
Мазкур планшет мосламалари орқали профилактика инспектори ўз ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида, шахсини аниқлаш учун тўҳтатган фуқарони фотосуратга ҳамда унинг бармоқ изини олган ҳолда, тезкорлик билан унинг шахсига аниқлик киритиши, шунингдек, ҳуқуқбузарга нисбатан тузилаётган маъмурий баённомани ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида электрон шаклда расмийлаштириши, ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли таъсир чораларини кўриши, фуқароларни ортиқча оворагарчиликларсиз яъни, таянч пунктига олиб бормай туриб, қонуний чоралар кўриши мумкин бўлади.
Савол: Профилактика инспекторларига планшет мосламалари қачондан бошлаб тарқатилади?
Жавоб: 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб, Ички ишлар органларининг таянч пунктлари профилактика инспекторларига босқичма-босқич равишда хизматда фойдаланишлари учун индивидуал тарзда планшетлар тарқатилиши белгиланган. Биринчи босқичда жами 1500 нафар профилактика инспекторлари планшет мосламаси билан таъминланишлари режалаштирилган. Келгусида эса, Республикамизнинг барча профилактика инспекторлари замонавий планшетлар билан тўлиқ таъминланади.
Савол: Профилактика инспекторларига фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни уяли алоқа компаниялари орқали билиб олиш имконияти яратилганми, агар имконият яратилган бўлса, ушбу маълумотлар ғаразли ниятларда учинчи томонга тарқалиб кетиши мумкинку?
Жавоб: Фуқароларнинг телефон рақамлари орқали улар тўғрисидаги маълумотларни уяли телефон компанияларидан олиш фақат иш юритувида жиноят иши бўлган терговчи ҳамда тезкор вакиллар ваколатига берилган бўлиб, улар расмий сўров хати асосида хизмат зарурияти туфайли фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни олишлари мумкин.
Профилактика инспекторларининг иш юритувида жиноят иши бўлмаслиги ҳамда улар фақат маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар билан ишлашлиги туфайли, улар бундай ваколатга эга эмаслар.
Ишонч газетаси вакили
Савол: Профилактика инспектори ўзига бириктирилган хизмат хонасида бўлмаса ва унинг ҳудудида оилавий можаро юз берса, оғир оқибат келиб чиқишини олдини олиш учун қандай ҳаракатлар амалга оширилади?
Жавоб: Профилактика инспектори хизмат хонасида бўлмаганида унинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси хизмат хонада ўтиради. Мазкур ҳолатда профилактика инспекторини ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга унинг ёрдамчиси орқали ҳам чақириш мумкин. Агарда профилактика инспекторининг ёрдамчиси ҳам бўлмаса, ҳар бир таянч пунктининг кириш қисмига ўрнатилган пешлавҳада профилактика инспекторининг ҳамда туман ички ишлар бўлинма навбатчилик қисмининг телефон рақамлари ёзилган бўлади. Бундан ташқари лавозимга киришган ҳар бир профилактика инспектори ҳудуд аҳолисига уяли ва хизмат хонаси телефон рақамлари акс эттирилган ташриф қоғозини тарқатади.
Ушбу ўринда ҳар бир фуқаро мазкур рақамларга қўнғироқ қилиб, профилактика инспектори ва унинг ёрдамчисини қаердалигини ҳамда воқеа содир бўлган жойга аниқ етиб келиш вақтини билишлари мумкин.
Матбуот анжумани якунида ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.Гиясов томонидан тадбир иштирокчиларига фаоллик учун миннатдорчилик билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги