Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Франция вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида
2019-11-15 | Сиёсат
2019 йилнинг 13 ноябрь куни Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахахтовнинг Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Франсуа Делатр билан учрашуви ҳамда Ўзбекистон-Франция сиёсий маслаҳатлашувларининг 11-раунди бўлиб ўтди.
Сиёсий маслаҳатлашувларда Франция Республикаси делегациясига ТИВнинг Континентал Европа департаменти директори Фредерик Мондолони бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Франция бир-бирида муҳим ва узоқ муддатли шерикларни кўриши қайд этилди ва томонларнинг кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил октябрь ойида Францияга расмий ташрифи ва Президент Эммануэль Макрон билан музокаралари доирасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши ҳамда турли жабҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари батафсил кўриб чиқилди.
Сиёсий мулоқотни ва парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик, маданий-гуманитар алмашинувлар унумдорлигини ошириш, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг, жумладан иқтисодий соҳадаги муносабатларнинг биргаликдаги механизмлари фаолиятининг ҳамда Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган тадбирларни ўтказишнинг мунтазамлик касб этишига эришиш муҳимлиги эътироф этилди.
Томонларда замонавий технологиялар, аеронавтика, туризм ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш борасида ўзаро қизиқиш мавжудлиги билдирилди.
Учрашувда томонлар манфаатига алоқадор халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар сўнгида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини 2020 йилда Тошкентда ўтказишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги