Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сув таъминоти ва санитария хизматлари бўйича халқаро анжуман

2019-11-14 | Жамият

Тошкентда “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига барқарор сув таъминоти ва санитария хизматлари” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман Марказий Осиё учун сув ва энергетика соҳасидаги дастур (CAWEP) ҳамда Табиий офатлар хавфини камайтириш ва тикланиш бўйича глобал жамғарма (GFDRR) молиявий кўмагида ташкил этилди.
 
Мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари мутасаддилари, дунёнинг турли давлатларидан келган 100 дан зиёд иштирокчи – коммунал корхоналар раҳбарлари, илмий экспертлар ва Марказий Осиё мамлакатларидан хусусий сектор вакиллари иштирокидаги тадбир иқлим ўзгаришига чидамли барқарор сув таъминоти ва санитария тизимларини барпо этиш масалалари муҳокамасига бағишланди.
 
Дунёда иқлим ўзгариши оқибатларининг сув таъминоти ва санитария хизматларига таъсири тобора ортиб бормоқда. Бу, айниқса, фавқулодда ҳодисалар, жумладан, сув тошқинлари, қурғоқчилик, ёғингарчиликнинг номутаносиблиги, иқлим ўзгариши, мавсумлар силжиши кўринишларида намоён бўлади.
 
Шу маънода, барқарор, хавфсиз ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва санитария хизматларидан унумли фойдаланиш имкониятларини яратиш Марказий Осиёда долзарб аҳамиятга эга.
 
Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ушбу хизматлар сифатини юксалтириш, шу орқали инсонлар, хусусан, қишлоқлар аҳолиси турмуш даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
– Минтақада сув таъминоти ва санитария тизимларини яхшилаш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук. – Сув таъминоти ва санитария билан боғлиқ муаммоларни ҳамжиҳатликда ечиш минтақа учун устувор мақсадлардан бирига айланиши лозим. Тошкентда ташкил этилган мазкур анжуман мутахассисларнинг айни йўналишдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликдаги ҳаракатлар кўламини кенгайтириш имконини берадиган қулай майдондир.
 
Иқлим ўзгаришининг Марказий Осиё сув таъминоти, хавфсизлиги ва санитария хизматларига таъсири таҳлил қилинди. Иқлим ўзгаришига чидамли сув таъминоти ва санитария хизматларини баҳолаш, режалаштириш ва яратиш имкониятлари ўрганилди, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
 
Тадбирда Болгария, Португалия, Жанубий Африка ва Исроил каби давлатлар, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Сув ресурслари бўйича халқаро котибият каби ташкилотлар вакиллари Марказий Осиё шароитида қўлланилиши мумкин бўлган илғор халқаро тажриба билан ўртоқлашди. Соҳада амалга оширилаётган миллий амалиёт, хусусий сектор иштироки бўйича маълумотлар тақдим этилди. Ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, миллий салоҳиятни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Конференция якунида Марказий Осиёда сув таъминоти ва санитария хизматлари соҳасида фаолият юритувчи ҳукумат ташкилотлари ва коммунал корхоналар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, минтақада мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться