Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ипак йўлида туризм” XXV Тошкент Халқаро туризм ярмаркасига старт берилди

2019-11-13 | Туризм

Бугун, 13 ноябрь куни пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” XXV Тошкент Халқаро туризм ярмаркасига старт берилди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов, UNWTO'нинг Европа мамлакатлари департаменти директори Питер Янич ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев очиб беришди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланганидан буён соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида сўзлади ҳамда баъзи статистик маълумотлар билан бўлишди. “Жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра, Ўзбекистон бўйича хорижий сайёҳларга жами 1,1 млрд доллар миқдорида туризм хизматлари кўрсатилган бўлса, вилоятлар кесимида туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудлар билан бир қаторда Андижон (54 млн. долл.), Наманган (41 млн. долл.) ва Сурхондарё (38 млн. долл.) каби вилоятлар ҳам туризм хизматлари экспортидан сезиларли даромад кўрди”, - деди у.

Ҳудудларда аҳолини туризм соҳасига кенг жалб қилишга ёрқин мисол сифатида оилавий меҳмон уйлари келтирилди. Агар 2018 йилда 106 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида 754 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилди ҳамда уларнинг сони 860 тага етди. Ушбу давр мобайнида меҳмон уйлари томонидан жами 62,9 минг нафар меҳмонга хизмат кўрсатилган бўлса, улардан 44,5 минг нафари хорижий фуқароларни ташкил этган. Асосий қисми республиканинг олис ҳудудларида жойлашган мазкур меҳмон уйлари томонидан жами 16 млрд сўмдан ортиқ хизматлар кўрсатилган. Қўмита раисининг таъкидлашича, туристларга хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари сонининг ортиши билан бир қаторда яратилаётган ишчи ўринлари сони ҳам мос равишда ортиб бормоқда.

“Буларнинг бари муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари ҳамда мамлакатда туризм соҳасида йўлга қўйилган ислоҳотлар ва давомли сиёсат натижасидир”, - дея қўшимча қилди у.

Айни дамда ярмаркада 85 стенд ўрнатилиб, уларнинг орасидан республиканинг 14 ҳудуди, турли соҳавий ташкилотлар, туроператорлар, меҳмонхоналар ва отеллар, транспорт компаниялари, ўқув муассасалари, ННТ ва бошқа ташкилотлар стендлари ўрин олган. Тадбирга 26 мамлакатдан хорижий иштирокчилар ташриф буюрган. Франция, Исроил, Корея Республикаси, Туркия, Россия, Сингапур, Қозоғистон, Индонезия, Беларусь, Малайзия, Эрон шулар жумласидандир. Тошкент халқаро туристик кўргазмасининг ранг-баранг дастури маданий-кўнгилочар ҳамда бизнес-учрашувларни ўз ичига олади. Уч кун давомида Кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари Миллий павильонда юртимизнинг ҳар бир ҳудуди туристик салоҳияти ҳамда “Ҳунармандлар шаҳарчаси” экспозициясида Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати билан танишишлари мумкин. Шунингдек, “Ипак йўли таъми” фестивалида ўзбек миллий таомларидан татиб кўриб, “Шарқ бозори”ни кўздан кечиришади. Дастур доирасида ТХТКда биринчи марта Ўзбекистоннинг туристик бренд элчилари халқаро форуми ҳамда Ўзбекистон-Россия туризм форуми каби тадбирлар бўлиб ўтади. Таъкидлаш жоизки, Тошкент халқаро туристик ярмаркаси жуда кўтаринки кайфиятда, қизиқарли ҳодисаларга бой ўтмоқда. Шуниси қувонарлики, Ярмарка “Дунё бўйлаб” ҳамда “Ўзбекистон 24” телеканалларида тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться