Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари билан учрашув
2019-11-13 | Сиёсат
2019 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курмановнинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик муносабатлари илдам ривожланаётганлигини ва ўзаро фойдали ҳамкорлик кенгайиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этдилар. Жумладан, ўтган йил октябрда Ўзбекистон бўйича Стратегия қабул қилинди. ЕТТБ экспертлари кўмагида бугун энергетика, банк ва молия секторларида, мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш ва рақобат муҳитини яхшилаш соҳасида ислоҳотлар ишлаб чиқилмоқда ҳамда амалга оширилмоқда.
Жумладан, ЕТТБ Ўзбекистон Республикасида давлат корхоналарини бошқаришнинг институционал базасини ва давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини, шунингдек тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш каби қатор йўналишларда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Шу муносабат билан учрашувда ЕТТБ маслаҳатчилари ўз ишида эътибор қаратиши керак бўлган масалалар доираси белгилаб олинди.
Шунингдек тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати