Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оилавий тадбиркорларга яна бир қулайлик
2019-11-12 | Жамият
Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 12 ноябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида мазкур соҳадаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг 24 октябрь куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Ўтган вақт мобайнида масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ томонидан лойиҳанинг қоида ва нормалари такомиллаштирилди. Норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.
Қонун лойиҳасига киритилган муҳим янгиликлардан бири — эндиликда оилавий тадбиркорлар томонидан нотурар-жой бино-иншоотларидан фойдаланилганда кўрсатилган коммунал хизматларга тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Депутатлар таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳудудларда оилавий тадбиркорларнинг кўпайиши, миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Халқ вакиллари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилдилар.
Манба: ЎзА