Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиё – Евроосиё минтақасида муҳим аҳамиятга эга ҳудуд​

2019-11-12 | Жамият

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси бўлиб ўтди.

2004 йилда ташкил этилган “Валдай" мунозара клуби таниқли халқаро экспертларнинг россиялик олимлар, сиёсатчилар ва давлат арбоблари билан учрашувлари учун қулай платформа сифатида қайд этилади. Клубнинг бугунги кундаги фаолияти асосан глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларни тадқиқ этишга йўналтирилган.
 
Ташкил этилгандан буён клуб ишида 74 мамлакатдан мингдан ортиқ эксперт қатнашган. Нисбатан ёш бўлишига қарамасдан, ушбу мунозара майдони халқаро экспертлар жамоатчилиги томонидан энг нуфузли тузилмалардан бири сифатида тан олинган.
 
“Валдай" клуби тадбирларида дунёда муайян таъсир кучи ва доирасига эга кучли экспертлар, таҳлилчи ва мутахассислар тўпланади. Улар муҳим муаммолар ечими бўйича қарорлар ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатининг долзарб масалаларига оид таклифларни муҳокама қилади.
 
Мамлакатимиздаги етакчи тадқиқот маркази, халқаро сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларига ихтисослашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти “Валдай" клубининг Х Осиё конференциясини ташкил этиш ва ўтказишда мазкур тузилма билан яқин ҳамкорлик қилди.
 
“Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик” мавзуидаги анжуманда 11 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 80 дан ортиқ таниқли эксперт иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов ўқиб эшиттирди.
 
Давлатимиз раҳбарининг табригида қайд этилганидек, Марказий Осиё Евроосиё макони ва, умуман, геосиёсатда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Қисқа вақт ичида Марказий Осиё халқларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада мутлақо янги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини яратишга эришилди. Сиёсий ишонч юксак даражага кўтарилди. Бу эса бугунги кунда минтақадаги ҳаётий муҳим муаммоларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори.
 
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг анжуман қатнашчиларига табригини Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев ўқиб эшиттирди.
 
Россия Федерация Президенти ўз табригида Россия минтақанинг барча давлатлари билан ўзаро амалий, тенг ҳуқуқли асосда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб, Евроосиё минтақасидаги тинчлик ва фаровонлик глобал кўламдаги хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим шарти экани тўғрисидаги фикрга таянишини таъкидлаган.
 
Экспертлар конференция сессияларида Марказий Осиё ва Евроосиёнинг замонавий дунёда тутган ўрни, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик, Осиё ва Евроосиё келажагига муносабат, макроминтақалар шаклланиши ва бошқа долзарб мавзулар юзасидан ўзаро фикр алмашди. Минтақанинг хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш ва узоқ муддатли мақсадларга эришишга кўмаклашиши мумкин бўлган кўптомонлама ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
 
– Самарқанд анжумани минтақа учун долзарб бўлган, халқаро даражада ажралиб турадиган масалаларга оид мавзуларни қамраб олган, – деди “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Фёдор Лукьянов. – Гарчи ҳудудлар ажратиб турса-да, биз учун айни пайтда Узоқ ва Яқин Шарқ билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этмоқда. Россия Евроосиёдаги давлатлар билан ўзаро муносабатлардан холи ривожлана олмайди. Айни жараёнда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан яхши муносабат йўлга қўйилиши биз учун айни муддао. Минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон билан кенг миқёсли ҳамкорлик мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишда муҳим ўрин тутади. “Валдай” конференцияси бунинг учун қулай имкониятдир.
 
Анжуманнинг Ўзбекистон – Россия махсус сессияси олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Орипов ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси А.Бистрицкий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
 
Учрашувда икки давлат экспертлари ўртасидаги ҳамкорлик, халқаро ва минтақалараро тадқиқотлар соҳасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Ўзбекистон интеллектуал доиралари вакиллари бундан буён “Валдай” халқаро мунозара клуби тадбирларида, шунингдек, келажакда биргаликда амалга ошириладиган мақсадли лойиҳаларда мунтазам иштирок этиши таъкидланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
 
– Ўзбекистон нафақат минтақа, балки хорижий давлатлар билан ҳам сиёсий келишувларни илгари суриш имкониятларидан самарали фойдаланмоқда, – деди Россия Фанлар академияси Е.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг “Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази” лабораторияси раҳбари Ирина Звягельская. – Барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни сақлаш ва ривожлантиришга интилмоқда, жумладан, Россия билан ҳам. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасида 27 миллиард долларлик икки томонлама келишувлар мавжуд. Ўзбекистонда 1000 дан зиёд Россия корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Илмий ва таълим йўналишларида сезиларли натижаларга эришилди. Юзага келган муносабатларда икки томонлама манфаатларни ҳурмат қилиш ва ўзаро ишонч даражаси жуда юқори.
 
Анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Орипов ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси А.Бистрицкий икки кун давомида сессияларда муҳокама этилган масалалар ва уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
 
– Икки кунлик анжуманда минтақада барқарорликни таъминлаш, Евроосиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан муҳим фикрлар ўртага ташланди, – деди Э.Орипов. – Марказий Осиё ҳақида, минтақа давлатлари ўртасида кейинги йилларда яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқалари кучайгани тўғрисида фикрлар билдирилди, Марказий Осиё давлатларида чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, сув ресурсларидан фойдаланиш, транспорт коммуникация тизимлари бўйича мавжуд масалаларга ечим топилди. Чегаралар очилиб, одамлар бир давлатдан иккинчисига ўтиб-қайтиши осонлашди. Табиийки, бу давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгайишига хизмат қилди. Ҳозир минтақа давлатлари бу муносабатни янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. 
 
– Бугун Осиё давлатлари жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин тутмоқда, – деди А.Бистрицкий. – Шу билан бирга минтақада глобал таҳдидларнинг олдини олиш борасида ҳам муҳим вазифалар турибди. “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференциясида бу ҳақда кенг ва атрофлича фикр алмашдик. Лекин барча масалаларни бир конференция доирасида муҳокама қилишнинг имкони йўқ. Шу боис ушбу йўналишда келгусида ҳам ҳамкорлик қилиш, биргаликда тадқиқотлар олиб боришга келишиб олдик. Самарқанд анжумани клубимиз фаолиятида алоҳида аҳамият касб этадиган, тарихий тадбир бўлди, дейишга тўла асосларимиз бор.
 
Халқаро конференция қатнашчилари тадбир доирасида Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди.
 

Ғолиб ҲАСАНОВ, Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться