Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Самарқандда минтақавий ва глобал кун тартибига оид масалалар муҳокамаси

2019-11-12 | Жамият

Самарқанд шаҳрида 10-11 ноябрь кунлари “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда дунёнинг 11 давлатидан 80 дан зиёд етакчи сиёсатчи, эксперт ва олим иштирок этди.

ЎзА мухбири қатнашчиларнинг анжуман кун тартибига қўйилган долзарб масалаларга оид фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Элдор ОРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори:

– Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Ушбу ҳужжат ташкилотларимизнинг манфаатли шерикликни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракати учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, яқин вақтларда ҳужжатни амалиётга жорий этиш бўйича режа ишлаб чиқишни бошлашга келишиб олинди. Унинг доирасида “Валдай” мунозара клуби мажлисларида Ўзбекистон иштирокини таъминлаш, устувор вазифалар юзасидан муҳокамаларни амалга ошириш мақсадида россиялик экспертларни мамлакатимизга таклиф қилиш, материаллар чоп этишдаги алмашинувни йўлга қўйиш механизмлари белгилаб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Ашхобод саммитида ахборот хавфсизлиги соҳасида конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Мунозаралар чоғида россиялик ҳамкасбларимиз 2020 йилда мамлакатимизда ўтиши кутилаётган ушбу халқаро анжуманда иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон – Россия муҳокамаларида белгиланган мақсадларга биргаликда эришиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилиб, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва диний экстремизм таҳдидларига қарши кураш бўйича ҳамкорликка оид масалалар кўриб чиқилди.

Андрей БИСТРИЦКИЙ, “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди кенгаши раиси:

– Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги ривожланиш тенденцияси юқори кўрсаткичларга эга. Бу жараён, қайсидир маънода, Амир Темурнинг давлат ва жамият ҳаётини тараққий эттиришдаги интилишларига монанд, дейиш мумкин.

Ўзбекистон – Россия муносабатлари ҳақида сўз борганда, икки мамлакат геосиёсий, минтақада барқарорликни таъминлаш бўйича якдил ва ўхшаш қарашларга эга эканини таъкидлаш жоиз. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик эса ўзаро мулоқот ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали амалга оширилмоқда. Тадбир чоғида қатор муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилгани айни жараёндаги яна бир қадамдир.

Афғонистондаги вазият минтақа хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Ўзбекистон мазкур юртга қўшни мамлакат сифатида ўзаро муносабатларни изга солиш ва ҳамкорлик бўйича катта тажрибага эга. Конференция якунида шу ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича режаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлдик.

Алексей ВЛАСОВ, Россия Федерацияси Президенти бошқармасининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар департаменти бошлиғи:

– Ташкилотчилар бу галги Осиё конференциясини ўтказиш учун жой танлашда кўплаб омилларни ҳисобга олган. Албатта, энг асосий омил – Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар, иқтисодиёт, хавфсизлик каби жуда муҳим соҳалар бўйича нафақат минтақа, балки Ҳамдўстлик миқёсида илғор ташаббуслар илгари сурилаётгани билан боғлиқ.

Россия, Европа давлатларидан келган экспертлар ушбу тадбир доирасида бетакрор Самарқанд мисолида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишиб, бу ерда амалга оширилаётган ўзгаришларга гувоҳ бўлди.

Кейинги йилларда Россия билан Ўзбекистон ўртасида жадал ривожланаётган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тадбирда кўтарилган асосий масалалардан бири бўлди. Бу Россия ва Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётган минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга ҳам бевосита алоқадор.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда ва халқаро миқёсда очиқ, ўзаро ишонч руҳидаги сиёсат юритилмоқда. Бу Россия билан муносабатларда ҳам намоён бўлаётгани қувонарли.

Александр РАР, Германия – Россия форуми илмий директори:

– Бугунги кунда “Валдай” клуби ўз иштирокчилари ва халқаро миқёсда кенг масалалар бўйича мулоқот майдонига айланиб улгурди. Сўнгги йилларда клуб тадбирларига Осиё давлатларидан кўплаб мутахассислар иштирок этаётгани ҳам фикримизга мисол бўла олади.

Мутахассис сифатида мамлакатингизда кечаётган ижобий ўзгаришлардан хабардорман. Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатларда ҳам юқори ўсиш суръати кузатилмоқда. Бизнес алоқалар кенгайди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича делегациялар ташрифлари доимийлик касб этмоқда.

Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп, табиий ресурсларга бой, йирик давлати сифатида Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликдан барча бирдек манфаатдор. Бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақада улкан умумий бозорни вужудга келтиришга хизмат қилмоқда.

Бу фикрларимни шахсий қараш сифатида эмас, балки Европа минтақаси нуқтаи назари, дея қабул қилишингиз мумкин. Бу замин минтақани Россия, Хитой, Ҳиндистон билан ҳам боғлайди ва йирик хорижий сармоядорларни ўзига чорлайди.

Дунёнинг турли минтақаларидаги бизнес доира вакиллари ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди ва юртингиздаги интилишларга ҳамфикр эканига тадбир давомида яна бир карра амин бўлдик.

Юқори даражада ва кўтаринки руҳда ташкил этилган “Валдай” конференцияси айни шу масалалар бўйича фикр алмашиш, қарашлар билан ўртоқлашиш учун қулай имконият яратди.

ЎзА мухбири

Ғайрат ХОННАЗАРОВ

ёзиб олди

 
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат)

 

Манба: ЎзА

Поделиться