Самарқандда “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўз ишини бошлади
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда дунёнинг 11 давлати, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 80 дан ортиқ таниқли экспертлар иштирок этмоқда.
Анжуманнинг биринчи кунида дастур бўйича Ўзбекистон – Россия махсус сессияси доирасида икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш истиқболларига бағишланган экспертлар иштирокидаги йиғилиш ўтказилмоқда.
Тадбир олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Арипов ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси А.Бистрицкий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида икки давлат экспертлари ўртасидаги ҳамкорлик, халқаро ва минтақалараро тадқиқотлар соҳасидаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Ўзбекистон интеллектуал доиралари вакиллари бундан буён “Валдай” халқаро мунозара клуби тадбирларида, шунингдек, келажакда биргаликда амалга ошириладиган мақсадли лойиҳаларда мунтазам иштирок этиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА