Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Masdar компанияси билан инвестиция битимини имзолаш маросими
2019-11-08 | Иқтисодиёт
Жорий йил 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Masdar компанияси (БАА) ўртасида инвестиция битимини имзоланиши бўлиб ўтди.
Masdar компанияси Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуришга 100 миллион долларгача сармоя киритади.
2019 йил 4 октябрь куни амирликнинг Masdar компанияси Ўзбекистон Республикаси тарихида қуёш энергиясига давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида инвестицияларини жалб қилиш бўйича биринчи очиқ тендер ғолиби деб эълон қилинган эди.
Masdar қуёш энергиясини ривожланаётган бозорлардаги энг паст тарифларда – хар бир киловатт-соат учун атиги 2,679 АҚШ цент ҳисобига етказиб бериш таклифини билдирди.
Masdar компанияси лойиҳани амалга оширишнинг тўлиқ даври (25 йил) мобайнида электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш ишларини амалга оширади.Қурилиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши ва фотоэлектр станциясини фойдаланишга топширилиши 2021 йилнинг биринчи чорагида амалга оширирилиши кутилмоқда.
Келишув бўйича консультант сифатида Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК) жалб қилиниб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тегишли хужжатларни ишлаб чиқишда ва хорижий мамлакатларнинг 40 дан ортиқ компаниялари иштирокида тендер савдоларини ўтказишда кўмаклашди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати 18 октябрь куни Вашингтонда ХМК билан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари орқали 900 МВтгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича тегишли мандатни имзолаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўтказилган маросимдаги таассуротлари тўғрисида гапириб, ""Masdar” компанияси билан инвестиция битимини имзоланиши – тарихий воқеа бўлиб, уч йил аввал Президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчиликларида бошланган ислоҳот ва ўзгаришларнинг орқага кайтарилмаслигини яна бир бор тасдиғидир. Биз, Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан янада мақбул бўлган ечимларни топиш учун бундан буён ҳам шунга ўхшаш лойиҳаларни очиқлик ва рақобатчилик асосида ўтказилишини тарафдоримиз” - деб таъкидлаб ўтди.
Яқин ойларда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида қуёш энергетикаси соҳасида хар бири 200 МВт қувватга тенг бўлган икки лойиҳа бўйича тендер савдолари бошланиши кутилмоқда. Бундан сўнг, 500 МВт қувват бўйича кейинги босқич бўлиб ўтади. Умуман олганда, энергетика соҳаси 1 миллиард долларга яқин тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади.
Маълумот учун: Masdar компанияси - Абу Даби Ҳукумати "Mubadala Investment Company" инвестиция холдингининг шўъба корхонаси бўлиб, дунёдаги қайта тикланадиган энергия соҳасида етакчи компаниялардан биридир. Компаниянинг амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича 4000 МВт дан ортиқ ўрнатилган қувватни ўз ичига олади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги