Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент метрополитени 42 ёшга тўлди

2019-11-06 | Жамият

Бугун Тошкент метрополитени қурилганига 42 йил бўлди. “Lonely Planet” нашриёти Тошкент метрополитенини дунёдаги энг чиройли метрополитенлардан бири деб атади. Дарҳақиқат, у дунёдаги энг чиройли метрополитенлардан бири. Шунингдек, ВВС нашриёти яқинда мақола эълон қилиб, унда пойтахтимиз метрополитенининг кўркамлиги ва тимсолларга бойлиги ҳақида маълумот келтирган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Тошкент метрополитенининг биринчи тармоғи 9 бекатни ўз ичига олган бўлиб, (кейинчалик у Чилонзор йўналиши номини олган) 12.2 км масофадан иборат. Ушбу тармоқ 1977 йил 6 ноябрь кунидан ишга туширилган. 1980 йилнинг 18 августида ушбу тармоқда яна 3 та бекат очилган, йўналишнинг умумий узунлиги 16.8 км.дан иборат.

Тошкент метроси тобора кенгайиб бормоқда. 1984 йилда унинг иккинчи тармоғи, 2001 йилда эса учинчи тармоғи ишга тушган. Учинчи тармоқ қурилиши ҳам давом этиб, унга кўра, шимолий туманларни жанубдаги аэропорт билан бирлаштириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда 29 та бекатдан иборат 3 та метро йўналишининг умумий узунлиги 36.2 км.ни ташкил қилади. Юнусобод туманидаги икки бекат қурилишини якунлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда Сергели туманига “енгил” ер усти метросини қуриш ишлари давом этмоқда. Келгусида у 6 та бекатдан иборат бўлади. Ер усти Сергели тармоғини Наврўз байрами арафасида ишга тушириш режалаштирилган. Йўловчилар Сергелидан Буюк ипак йўли бекатигача тўғридан-тўғри етиб бориш имконига эга бўлади.

Яқинда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 2025 йилгача метрополитенни ривожлантириш режасини тақдим қилди. 2025 йилгача метронинг узунлиги деярли тўрт баробарга кўпайиб, 157 километрни ташкил этади. 74 та янги бекат ташкил этилиб, шулардан 17 таси бошқа бекатга ўтиш имкониятига эга бўлади.

Метрополитен 9 баллик зилзилага дош бера олади.

Совет Иттифоқи даврида агар шаҳар аҳолиси бир миллиондан ошса, унга метро қуриш ҳуқуқи бериларди. У даврда қурилган кўпгина бекатлардан фарқли ўлароқ, Тошкент метрополитенида қурилишнинг чуқурлашмаган тизими қўлланган бўлиб, у Минск метроси тажрибасидан олинган. Бошиданоқ Тошкент метрополитени иншоотлари минтақанинг юқори сейсмик хавфга эгалигини инобатга олган ҳолда қурилган. Айтилишича, иншоот MSK-64 шкаласи бўйича 9 баллик зилзилага дош бера олади.

Манба: «Правда Востока»

Поделиться