Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Афғонистон ишчи комиссиясининг дастлабки мажлиси ўтказилди
2019-11-06 | Иқтисодиёт
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида трансчегаравий савдони ривожлантириш бўйича Ишчи комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Балх вилояти ҳокими Исхақ Рахгузар сўнгги йилларда икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик алоқалари, иқтисодий-савдо ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Термиз шаҳрида Афғонистон Ислом Республикасининг консуллик идораси фаолият юритаётгани мамлакатларимиз чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга кўмаклашаётгани қайд этилди.
Мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб, афғон ишбилармонлари юртимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётир. Хусусан, айни пайтда Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 111 хизмат кўрсатиш, 49 қишлоқ хўжалиги ва 35 саноат соҳасида қўшма ҳамда хорижий корхоналар фаолият юритаётир. Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилган. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонларига сифатли хизмат кўрсатади. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” принципи асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнларини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, афғонистонлик қўшнилар учун виза расмийлаштириш соддалаштирилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида қўшни мамлакатга вилоятдан 45 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди. 2019-2020 йилларда афғон тадбиркорлари ҳамкорлигида жанубдаги воҳада саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 46 миллион доллар бўлган 40 лойиҳани амалга оширишга келишилган.
Мажлисда Ишчи комиссия аъзолари яқин қўшни давлатлар ўртасидаги чегара, савдо, чегараолди масалаларида юзага келаётган муаммолар ечимини биргаликда муҳокама этиб, тегишли таклиф ва тавсияларни илгари сурди. Ишчи комиссия аъзоларининг навбатдаги мажлисини Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори Шариф шаҳрида келгуси ойнинг иккинчи ярмида ўтказишга келишилди.
Яқин қўшнилик, азалий дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик руҳида ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили И.Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари иштирок этди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА