Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Норвегия билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди
2019-11-06 | Сиёсат
2019 йил 5 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Софоевнинг Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Аудун Халворсен билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Норвегия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни, шунингдек БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, мамлакатимизга Норвегия инвестициялари кириб келишини ошириш, юқори технологик қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва самарали савдо майдонларини ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, Норвегияда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва амалда ўз натижасини бераётган, шу жумладан самарали халқаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан натижа бераётган демократик ислоҳотларни диққат билан кузатишмоқда. Норвегия томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришига ҳар қандай кўмак беришга тайёр. Шундан келиб чиқиб, учрашув доирасида Норвегиянинг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда турли соҳаларда ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учрашувда кўриб чиқилган яна бир масала бўлди. Ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи органи ролини кучайтириш ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ваколатларини тўлиқ амалга оширишга ва пировардида мамлакатда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Шу муносабат билан томонлар ҳамкорликни, ахборот ва ғоялар алмашишни чуқурлаштириш йўналишларини кўриб чиқдилар.
БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борганда Норвегия 1,2 млн. АҚШ доллари ажратиб, фонднинг биринчи донори бўлганлиги таъкидланди. Орол инқирозининг атроф муҳитга ва минтақада яшовчи одамлар ҳаёти ҳамда фаолиятига таъсирини юмшатиш бўйича Ўзбекистон Ҳукумати томонидан кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун улкан аҳамият касб этишига урғу берилди. Муҳокама этилган масала бўйича мулоқотни давом эттиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Учрашув жараёнида халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари ва халқаро ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик бошқа мавзулар муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати