Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Танзила Нарбаева Қозоғистон Президенти билан учрашди
2019-11-05 | Сиёсат
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон парламенти делегацияси расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаев билан учрашди.
Қозоғистон раҳбари Танзила Нарбаеванинг ташрифи парламентлараро алоқаларни ривожлантириши ва давлатлараро муносабатларга қўшимча туртки бериши туфайли катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлибгина қолмай, балки қатор масалаларда бир-бирини тўлдириб туради. Шунинг учун муваффақият қозонишимиз муқаррар. Боз устига, биз ҳамкасбим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳар жабҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун фаол ҳаракат қилишга келишиб олганмиз”, – деди Қасим-Жомарт Токаев.
Қозоғистон Президенти 2018 йилда савдо ҳажми 2,5 млрд. долларга етганлигига ва шу йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилги кўрсаткичдан ошиб кетганлигига урғу берди.
Ўз навбатида, Танзила Нарбаева илиқ кутиб олганликлари учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзини етказди. Сенат раҳбари Қасим-Жомарт Токаевнинг Давлат раҳбари лавозимига сайланиши унинг аввалги лавозимда тажрибали дипломат, обрў-эътиборли раҳбар ва, энг асосийси, Қозоғистонда давлатчиликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш йўлида кучли сиёсат олиб борган Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ғояларини давом эттирувчиси шахс сифатидаги фаолиятининг эътирофи эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ўзбекистонда бу йили Қозоғистон йили ўтказилиши муносабати билан амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларни халқларимиз яқинлашишига ёрқин мисол қилиб келтирди. Танзила Нарбаева Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаевнинг Ўзбекистон Республикасига биринчи давлат ташрифи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга туртки берганлигини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар юксак даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини ва кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати