Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Малайзия Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича тажрибасини ўрганмоқчи
2019-11-05 | Жамият
2019 йил 4 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Малайзия бирламчи саноат вазирлиги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Малайзия делегацияси томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашиш ҳамда юртимизнинг бу борадаги тажрибасини ўрганишдан иборат.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш 2018 йилдан бошлаб янги амалий босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарори қабул қилинди ва мажбурий меҳнатга нисбатан жавобгарлик кучайтирилди. Шунга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 200-06-01 ишонч телефони ҳамда @mehnathuquqbot махсус телеграм бот тармоқлари ишга туширилди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашда 2018 йил 20 августдаги Президент қарори билан ташкил этилган ягона Давлат меҳнат инспекцияси ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.
2018 йил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Учинчи томон мониторинги” мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистонда мустақил фаолият юритишларига имконият яратилди.
2018 йил Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга тўлиқ барҳам берилди.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш 2019 йилда турган устувор вазифалардан этиб белгиланди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда ўтказилган Cotton Compaign коалицияси йиғилишида иштирок этди ва ушбу ташриф натижасида АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар мажбурий меҳнати асосида етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.
2019 йил 1 апрель куни Брюсселда “Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қандай барҳам бермоқда” мавзусида йирик форум ташкил этилди ва Ўзбекистоннинг қисқа муддатда мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича тўплаган тажрибаси ва унинг амалиётдаги натижалари халқаро доирада ўрганилди.
2019 йил Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, мажбурий меҳнатга қарши курашда 1176 ишонч рақамлари, Давлат меҳнат инспекциясининг dmi.mehnat.uz мурожаатлар сайти ишга туширилиб қайта алоқа тизими янада кенгайтирилди, @mehnathuquqbot Телеграм боти орқали мурожаатлар қабул қилиш фаол давом эттирилмоқда.
Мажбурий меҳнатга қарши йўналтирилган чора-тадбирлар орасида, айниқса, 2019 йил 28 августдаги Ўзбекистон Қонунига кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришлар дадил одимлардан бўлди. Қонунга мувофиқ, эндиликда меҳнатга бирон-бир шаклда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача, агар бир йил ичида бу ҳол қайта содир этилса, 30 баравардан 100 бараваргача жарима солиниши белгиланди. Илгари ушбу жарима миқдори бор-йўғи 1 баравардан 3 бараваргача бўлиб, мажбурий меҳнатга жалб қилган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо кўрилишига имкон бермас эди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашда, шунингдек, тарғибот флаерлари ва баннерлари республика бўйлаб жамоат жойларига етказилмоқда.
Учрашув давомида мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида олиб борилаётган шу каби масалалар ва истиқболдаги режалар хусусида фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги