Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йилнинг 5 ноябридан “Қувноқлар ва зукколар” танловининг ҳудудлараро саралаш босқичига старт берилади
2019-11-05 | Таълим
Мамлакатимиз Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилиши белгиланган.
Жорий йилнинг сентябрь ойи давомида танловнинг туман (шаҳар) босқичида 4 550 та умумтаълим мактаб жамоалари иштирок этиб, 54 600 нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинди.
17-31 октябрь кунлари танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилди. Ҳудудий босқичларда 5 970 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Танловда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган 14 та жамоа (ҳар бир ҳудуддан биттадан) ҳудудлараро босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жорий йилнинг 5 ноябрь кунидан бошлаб, танловнинг ҳудудлараро саралаш босқичига старт берилади.
Барча иштирокчи жамоаларга омад ёр бўлсин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги