Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимояси
2019-11-04 | Жамият
Боку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамкорлигида “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқаришˮ мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди.
Семинар ишида БИМТ, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон Республикасидан интеллектуал мулк бўйича масъул давлат идоралари мутахассислари иштирок этишди.
Семинарда интернет тизимида муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояси, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларнинг минтақавий фаолияти ва бунда масъул давлат идораларининг тутган ўрни, бундай ташкилотларнинг мутахассисларини ўқитиш ва малакаларини ошириш ҳамда БИМТ томонидан жамоавий ташкилотларга доир техник ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Абдумўмин Юлдашов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи:
— Рақамли технологиялар, шу жумладан интернетнинг жадал ривожланиши барча давлатларнинг интеллектуал мулк тизимига жиддий таъсир кơрсатмоқда ва бир пайтнинг ўзида рақамли муҳитда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларнинг самарали муҳофазаси ва ҳимояси соҳасида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Маълумки, муаллифлик ҳуқуқига тегишли кўп турдаги объектларнинг (адабий ва мусиқа асарлари, филмлар, музей коллекциялари) рақамли форматга ўтказилиши, интеллектуал мулкнинг интернетда кенг тарғиб қилиш имконини берди.
Бундай шароитда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид фундаментал принсипларнинг рақамли муҳитда амалга оширилиши алоҳида аҳамият касб этади, бу эса ўз навбатида интеллектуал мулк муҳофазасига, бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг кучайтирилишини талаб қилади.
Семинарда айнан шу масалаларга, яъни муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг ҳуқуқий муҳофазаси, рақамли муҳитда контрафаксион ва қароқчиликка қарши курашиш масалаларига, шунингдек бу соҳада тажриба алмашишга қаратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги