Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт товарлар ортилган автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун вақт 5.5 баробарга қисқарди
2019-11-04 | Жамият
Sof.uz сайтида эълон қилинган «Экспорт муаммолари: онлайн платформа йўқ, логистика қиммат, бюрократия ва бошқалар» сарлавҳали материал юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Мазкур мақолада асосан хорижга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнида юзага келаётган муаммолар қайд этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сонли Қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди. Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар эса бундан мустасно эканлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, божхона органлари томонидан божхона назорати ҳамда расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, унга сарфланадиган вақтни янада қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, жорий йилда божхона органлари амалиётига тўлиқ жорий этилган “Хавфни бошқариш тизими” ҳалол тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратди.
Натижада, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида чегара божхона постларида экспортга товарлар ортилган автотранспорт воситалари божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 барабарга қисқарди ва 10-15 дақиқани ташкил этди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойи давомида божхона постлари орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 1 млн. 397,3 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 514,9 мингтага ошди (2018 йил 9 ойида 882,4 минг).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария
ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 1007-сонли қарори 9-бандига мувофиқ, тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот мақсадлари учун хабарлар ва бошқа материаллар Давлат чегараси орқали устувор тартибда ўтказилади.
Хусусан, экспорт товарлари ортилган автотранспорт воситалари чегара божхона постларига ўрнатилган замонавий инспекцион кўрик мажмуалари ёрдамида атиги бир неча дақиқа ичида тўлиқ божхона назоратидан ўтказилмоқда.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2019-2021 йилларда 9 та чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминаллари қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда мазкур йўналишда жадал ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва ташувчиларнинг божхона соҳасидаги ҳар қандай савол ҳамда мурожаатларига ўз вақтида жавоб беришга тайёр эканлигини маълум қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси