Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратиб берилади
2019-11-04 | Сайлов
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари, сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Кун тартибидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида тузилган 53 та сайлов участкасини тегишли сайлов округларига бириктириш, Хитой Халқ Республикасида тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва ХХРдаги Ватандошларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси сиёсий масаллар бўйича маслаҳатчиси Нуриддин Убайдуллаевнинг ахбороти ҳамда Халқаро матбуот марказининг Жиззах ва Навоий вилоятлари бўлимларининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти ўрин олди.
Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши, уларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Ушбу сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади.
Мажлисда сўзга чиққан МСК раиси ўринбосари Махмуд Истамов такидлаганидек, жорий йилдаги сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилади. Аввалари ушбу сиёсий тадбирда фақат консуллик ваколатхоналардан расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларнинг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланар эди. Энди эса, чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам хорижда ташкил этилган сайлов участкаларига мурожаат этади ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, сайловларда овоз бериши мумкин.
Хорижда вақтинча ва доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳрида ўрнатилган +99855-502-44-44 рақамли ишонч телефони орқали жавоб олишлари мумкин.
Шунингдек улар “Saylov2019” мобил иловасидан ҳам маълумотлар олишлари мумкин. Тадбир давомида Хитой Халқ Республикасида очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси сиёсий масаллар бўйича маслаҳатчиси Нуриддин Убайдуллаев тўғридан тўғри видео алоқа орқали ахборот берди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, хозирги кунда Хитой Халқ Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларида
845 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтган. ХХРдаги сайлов участкалари сони 2 тани ташкил этади. Улар Пекин ва Шанхай шаҳарларида жойлашган.
Тадбир давомида элчи жаноблари томонидан такидланганидек, Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ фуқаролар хусусан, ёшлар, турли таълим даргохлари, меҳнат жамоалари ўртасида учрашувлар ўтказилмоқда.
Кун тартибидаги навбатдаги масала - МСК Халқаро матбуот марказининг Навоий ҳамда Жиззах вилоятлари бўлимларининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Халқаро Матбуот маркази Навоий вилояти бўлими Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида жойлашган бўлиб, сайлов жараёнларини очиқ-ошкора ва тезлик билан ёритиш учун барча зарурий техника ва жиҳозлар билан таъминланган. Бўлим томонидан сайлов кампанияси бошлангандан буён ОАВ вакиллари учун 3 марта семинар-тренинг, 3 марта матбуот анжумани ўтказилди. Шунингдек, 2 марта Навоий вилоят телерадиокампаниясида тўғридан тўғри эфир орқали “Очиқ мулоқот” кўрсатуви ва эшиттириши, вилоят сайлов комиссияси аъзолари билан биргаликда 22 маротаба тарғибот тадбирлари ва учрашувлар ташкил этилди.
Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан вилоятда сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари ва олиб борилаётган тарғибот тадбирлари бўйича Навоий вилояти телерадиокомпаниясида жами 326 та телерадиомаҳсулот, жумладан: 43 та теледастур, радиода 28 та эшиттириш, шунингдек “Сайлов кодексидаги янгиликлар”, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” ва “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати” рукни остидаги видеороликлар 255 маротаба эфирга узатилди. Вилоятдаги босма ОАВлари “Дўстлик байроғи”, “Знамя дружбы”, “Навоий зиёси”, “Маънавият кўзгуси” ва туман, шаҳар муассислигидаги нашрларда жами 62 та материал чоп этилди.
Марказий Сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот маркази вилоят бўлимларига қўйилган техник талабларга кўра, Жиззах вилоят Халқаро Матбуот маркази вилоят сайлов комиссияси билан бир бинода, яъни “Ёшлар инновацион маркази”га жойлаштирилган. Мазкур бино Жиззах шаҳрининг марказида жойлашган.
Бугунги кунда вилоятдаги телерадиоканаллар ва босма нашрларда сайловга оид тарғибот-ташвиқот материаллари, вилоят сйлов комиссиялари аъзоларининг мақола ва интервьюлари мунтазаб бериб борилмоқда.
Вилоят сайлов комиссиясининг интернетдаги сайти очилиб, бугунги кунгача сайловга оид 20 дан ортиқ мавзулардаги турли материаллар жойлаштирилди. Шунингдек, телеграмм канали орқали ҳам сайлов жараёнига оид фаолият кенг ёритиб борилмоқда. Тарғибот ойлиги давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга кўра вилоят телевидениеси ва вилоят газетасида вилоят сайлов комиссиясининг раиси ва комиссия аъзоларининг чиқишлари йўлга қўйилди.
Тадбир якунида “Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ адар МСК томонидан шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган ОАВ вакилларига аккредитациядан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномалар топширилди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси