Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қиймати 3 млн 262 минг АҚШ долларига тенг грант лойиҳалари ҳамда ФАО 32-Европа минтақавий конференциясининг Тошкентда ўтказилишига доир меморандум имзоланди
2019-11-04 | Иқтисодиёт
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси раҳбари Владимир Рахманин билан учрашди.
Учрашувда Вазир Ж.Ходжаев ФАО Бош директори ўринбосари В.Рахманинни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясидаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
В.Рахманин, ўз навбатида, дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортаётган Ўзбекистонда сўнгги йилларда катта ижобий ўзгаришлар юз бераётгани, айниқса, шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ШҲТнинг ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги дастур имзоланишининг режалаштирилгани яна бир эътиборнинг юксак намунаси эканлигини билдирди.
2020 йилнинг 5-7 май кунлари Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк маротаба ФАОнинг Европа минтақавий конференцияси Тошкент шаҳрида ўтказилади. 32-маротаба ташкил этиладиган ФАОнинг минтақавий бошқарув органи бўлган конференцияда Европа ва Марказий Осиёнинг 54 давлатидан 300 дан ортиқ делегатлар иштирок этади. Унда қабул қилинган қарорлар кейинги йилларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва қишлоқ ҳўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш борасида ФАО фаолиятининг йўналишларини белгилайди. Учрашувда, мазкур тадбирни юқори савияда ташкил этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигини комплекс рақамлаштириш, бу борада мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистонда 1,1 млн.га фойдаланишдан чиққан ерлардан мақсадли фойдаланиш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш йўлида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, мазкур соҳада халқаро ташкилотлар, жумладан ФАО билан тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари хусусида сўз юритилди.
Тадбир доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО ўртасида қиймати 3 млн 262 мингАҚШ долларига тенг "Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича миллий имкониятларни кучайтириш", “Аквакултура ва балиқчилик соҳаларида қиймат занжири бўйича миллий тадқиқот ва стратегия”, “Асаларичиликни барқарор ривожлантириш”, “Марказий Осиё мамлакатларида озиқ-овқат ва озиқ-овқат чиқиндиларининг камайиши", “Марказий Осиёда барқарор балиқчилик хўжалиги ва аквакултурани бошқариш учун салоҳият яратиш”, “Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида буғдой занги касалликларига қарши курашда ва наслчиликни ривожлантиришда минтақавий ҳамкорлик ва миллий салоҳиятни кучайтириш” борасидаги техник ёрдам лойиҳалари ва ҳамкорлик дастурларига оид ҳужжатлар имзоланди.
Ушбу ҳамкорлик доирасидаги чора-тадбирлар яқинда тасдиқланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришда қўйилган илк қадамлардан бири бўлиб, улар ФАО техник кўмаги дастури ҳамда ФАО-Туркия ҳамкорлиги доирасида амалга оширилади.
Қисқа ва ўрта муддатларга мўлжалланган мазкур лойиҳалар Ўзбекистонда БМТ барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида йўқотишларни камайтириш, балиқчилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида қўшимча қиймат занжирларини ривожлантириш ҳамда ташқи бозорларга кириш каби йўналишларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашувда, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО ўртасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 32-Европа минтақавий конференцияси тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги