Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат хизматчиларининг иш вақти меъёрлари янада такомиллаштирилади

2019-11-04 | Жамият

Ўзбекистонда бугун татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш жамиятнинг барча аъзолари ва биринчи галда, давлат органи ходимлари зиммасига юксак вазифа ҳамда масъулият юклайди.

Таъкидлаш жоизки, ўз олдига ижтимоий-иқтисодий туб ўзгаришлар вазифасини қўйган деярли барча мамлакатларда давлат хизматчилари иш вақтини қайта кўриб чиқиш амалиёти кузатилган. Ўз даврида улкан иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни амалга оширган Сингапур, Корея Республикаси, Япония ва бошқа давлатларни шунинг ёрқин мисоли сифатида кўрсатиш мумкин. 

Шу маънода, бугун юртимиз тараққиёти йўлида белгиланган салмоқли ишларни юзага чиқариш меҳнат фаолиятида катта куч ва иродани талаб этиши табиий. Бундай ҳолларда ишнинг узоқ вақт давом этиши, дам олиш вақтининг қисқариши бевосита давлат хизматчисининг иш унумдорлиги ва сифатига салбий таъсир қилиши мумкин.

Айни шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти барча давлат органи раҳбарларига кечки мажлисбозликларга чек қўйиш, давлат хизматчилари, шу жумладан, раҳбарларнинг шанба куни 17:00 дан кейин ишхонада қолмасликлари, якшанба кунлари эса тўлиқ оила даврасида бўлишни назарда тутган ҳолда ишларни ташкил этиш билан боғлиқ аниқ кўрсатмалар берди.

 Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар орасида:

- давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ва хизмат ҳужжат айланиши тизимини такомиллаштириш;

- давлат органларида ҳар бир лавозим позициялари бўйича вазифаларни оптималлаштириш, вазифалар дубликатига йўл қўймаслик;

- барча даражадаги давлат хизматчиларининг малакаси профессионаллигини ошириш;

- “Давлат хизмати тўғрисида” қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш сингари чора-тадбирлар давлат хизматчилари меҳнат фаолиятини тартиблашга қаратилган.

Хусусан, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасида қуйидаги принципларга асосланган давлат хизмати тизимини яратиш мақсад қилинган:

ватанпарварлик ва халққа хизмат;

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

сиёсий нейтраллик;

адолат, ҳалоллик ва холислик;

профессионаллик ва чуқур билимга асосланганлик;

ватанпарварлик ва хизмат вазифасига садоқат;

давлат хизматига қабул қилиш ва юқори лавазимга кўтарилишдаги очиқлик;

давлат хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланганлиги ва ҳ.к.

Албатта, янги қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг иш вақти масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Унга кўра давлат хизматчисининг иш вақти меҳнат қонунчилиги умум меъёрларига асосланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.

Меҳант кодексининг 157-моддасига асосан иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат хизмати бошқаруви тизимини ривожлантиришдаги муҳим одимлардан бири – бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ташкил этилгани бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ҳам белгиланди. Мазкур дастур давлат хизмати борасида қўйилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган кенг қамровли чора-тадбирларни ўз ичига олган.

Белгиланган вазифаларнинг фавқулодда мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тегишли вазирликлар ва жойлардаги давлат ҳокимият органлари аниқланиб, уларда йил давомида синов тариқасида танлов асосида ишга қабул қилиш механизмлари кўриб чиқилади ва такомиллаштирилади. Шундай вазирликлардан бири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари ҳисобланади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Поделиться