Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм ва сервис йўналишидаги профессионал коллежлар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди
2019-11-01 | Туризм
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги 5812-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида 30 октябрь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида туризм ва сервис йўналишида таълим берувчи коллежлар/техникумлар директорлари билан биринчи ишчи учрашув ўтказилди.
Учрашувда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш институти ва Туристик хизматларни сертификатлаш маркази вакиллари ҳамда ўқув муассасаларининг раҳбарлари иштирок этишди. Унда туризм ва сервис йўналишидаги коллеж ва техникумларнинг амалдаги ҳолати, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти сифати, битирувчиларнинг профессионал тайёргарлик даражаси ва сифати каби масалалар кўриб чиқилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш институти ҳамда коллеж ва техникумлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш, таълим жараёни билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, ўқув муассасаларининг фаолиятини такомиллаштиришга тўсқинлик қилаётган долзарб масалалар, бўлғуси мутахассисларни туризм соҳасидаги корхоналарга ишга жойлаштириш каби масалаларни муҳокама қилиш.
Шунингдек, тизим билан боғлиқ коллеж ва техникумларнинг 13-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туристик ярмаркасида иштирок этиш масаласи кўриб чиқилди. Учрашув якунига кўра, таълим муассасалари фаолияти сифатини яхшилаш, педагоглар таркиби масаласини ҳал қилиш, мулк инвентаризациясини ўтказиш, амалий лабораториялар ташкил қилиш, ўқувчилар учун ётоқхоналардаги шароитларни яхшилаш, малака доираси бўйича таклифлар киритиш, World Skills миллий чемпионатида қатнашиш учун “Меҳмонхонани маъмурийлаштириш” ваколати бўйича техник талабларни ишлаб чиқишга доир таклифларни киритишга йўналтирилган “Йўл харитаси”нинг тадбирлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги