Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама савдо ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2019-11-01 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ва Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Б.Султонов видеоконференция форматида икки томонлама савдо ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қўшма ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудларида барқарор ва қулай транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш орқали ўзаро савдони мустаҳкамлаш механизмлари мулоқот мавзуси бўлди. Коммуникация линиялари ҳамда товарларни сақлаш, юклаш ва божхона расмийлаштируви учун қўшимча қувватлар яратиш учун мавжуд шароитлар ва географик жойлашувни эътиборга олган ҳолда ҳар бир вариантларнинг афзалликлари ва камчиликлари кўриб чиқилди. Бу икки давлат ўртасида жадал ва барқарор юк оқимини таъминлашга имкон беради.
Товар номенклатурасининг ўзаро боғлиқлигини эътиборга олиб, томонлар савдо айланмасининг жадал ўсиши учун катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди. Шу боисдан икки давлат идоралари савдо муносабатларини янада ривожлантиришнинг мавжуд концепцияларини қайта ишлаб чиқиш ва биргаликда тезкорлик билан ўзаро манфаатли мақбул қарор ишлаб чиқишни давом эттирадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги