Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ижрочи директори И.Сонг билан учрашув бўлиб ўтди
2019-10-31 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 30 октябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ижрочи директори И.Сонг билан учрашув бўлиб ўтди.
Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициявий ҳиссасини баҳолаш қийин: биргина ҳозирги пайтнинг ўзида Республикада қишлоқ хўжалиги, энергетика, уй-жой ва инфратузилмавий қурилиш, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим ва молия соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тизимли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда 2019-2021 йилларга мўлжалланган амалиётлар бўйича Бизнес режа тасдиқланди. У таълим ва меҳнат, капитал бозорни ривожлантириш, давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш соҳаларини такомиллаштириш бўйича аниқ лойиҳаларни қамраб олган ва амалга оширилиши мазкур давр оралиғида бўлиб ўтади. Жорий йилнинг охирига қадар эса банк Директорлар кенгаши томонидан иқтисодий тартибга солиш, ипотека кредити ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшимча лойиҳаларнинг маъқулланиши кутилмоқда.
Учрашув чоғида томонлар шунингдек, бу йил раислиги Ўзбекистонга тегишли бўлган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастурининг (МОМИҲ) вазирлар даражасидаги конференциясини жорий йилнинг ноябрида Тошкентда ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Конференция кун тартиби мамлакатлараро саноат кооперациясини йўлга қўйиш, логистика соҳасида трансмиллий лойиҳаларни амалга ошириш ва минтақада савдони мустаҳкамлаш бўйича асосий масалаларни ўз ичига олади.
Маълумот: Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ) - Марказий Осиё минтақаси давлатларини иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантириш учун 1997 йилда Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан бошланган дастур.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги