Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
2019-10-30 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари қардош Туркманистон халқига жорий йил 10-11 октябрь кунлари Ашхободда ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда Туркманистоннинг МДҲдаги раислиги муваффақиятли ўтаётгани билан яна бир бор табриклади.
Давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар нуқтаи назаридан халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги вақт билан синалган мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, аввало, савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос экани қайд этилди.
Томонлар ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга бундан буён ҳам фаол кўмаклашишга тайёрлигини билдирдилар.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари дўст мамлакатларимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш борасида қатъий эканини тасдиқладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти