Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
InnoWeek- 2019: Глобал инновацион индекс муаллифлари билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилди
2019-10-30 | Инновация
InnoWeek- 2019 Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан бири — Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индекс (GII) кўрсаткичида илғор 50 мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлашга қаратилган юртимизнинг Глобал инновацион индекс кўрсаткичларини яхшилашга доир ўтказилган давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида республикамизнинг вазирлик ва идоралар ходимлари, мамлакатимиз ҳамда хорижий мустақил илмий-тадқиқот марказлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) – бу йирик тадқиқот натижаси бўлиб, унда мамлакатларнинг инновацион ривожланиши даражаси кўрсаткичларга асосланган ҳолда баҳоланади. INSEAD халқаро бизнес-мактаби методикаси бўйича 82 та турли хил кўрсаткичларни ўз ичига олади.
Глобал инновацион индекс асосчилари илк бора Ўзбекистон инновацион давлатлар рўйхатига кириши учун қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақида сўз юритдилар. Глобал инновацион индекснинг ҳаммуаллифи Саша Вунч Винсент давра суҳбати иштирокчилари билан он-лайн мулоқот қиларкан, юртимиздаги ислоҳотлар, бўлаётган ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга кириши учун замин яратаётгани ҳақида сўзлаб, юртимизда амалга оширилаётган ишларга, хусусан Глобал индексга кириш йўлидаги ҳаракат ва интилишларга ижобий баҳо берди. Ўз навбатида, Саша Вунч Винсент Ўзбекистон давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан халқаро ташкилотларга тақдим этилаётгани статистик маълумотларнинг шакл жиҳатдан талабга жавоб бермаслиги ҳам Глобал инновацион индексга киришимизга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, давра суҳбатини юқори даражада ташкил этилишида етакчи илмий-таҳлилий компанияларидан бўлмиш Elsvier компанияси ўзининг яқиндан кўмагини кўрсатиб, мамлакатимизнинг Инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган асосий вазифаларга эришиши учун таклиф ва тавсиялари билан иштирок этди.
Тадбирда иштирок этган иқтисодчи-олим Рауфхон Салахожаев (Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг катта илмий ходими ва ERGO Research компаниясининг тадқиқотлар бўйича директори) “Глобал инновацион индекс: имкониятлар, истиқболлар ва макроиқтисодий самара” мавзусидаги маърузаси билан чиқиш қилди. Маърузада олимимиз мамлакатнинг инновацион фаолияти унинг макроиқтисодий кўрсаткичлари билан қандай боғлиқликка эга эканлиги ҳақида сўз юритди. Хусусан, ГИИ мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси ва киши бошига экспорт даражасига боғлиқ эканини таъкидлади.
Мисол тариқасида, 2010 йили ГИИда 101-ўринни эгаллаган Сербия 2019 йилда 57-ўринни эгаллагини мисол тариқасида кўриб чиқилди. Рауфхон Салахожаевнинг фикрича, Сербиянинг бу муваффақиятга илмий-тадқиқот ишларининг шиддат билан ривожлангани ва давлат муассасалари фаолияти сифатининг ошгани билан изоҳлади. Хусусан, 2019 йили Сербия 1 миллион аҳолига олимлар сони бўйича дунёда 39-ўринни эгаллаган бўлса, мамлакат ялпи маҳсулотига нисбатан илмий мақолаларнинг сони бўйича 4-ўринга чиққан.
Тақдимотда Ўзбекистон инновацион экотизимини ривожланиши учун илмий-тадқиқот фаолиятни янада рағбатлантириш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва капитал бозорини ривожлантириш тақозо этилиши лозимлиги қайд этилди. Дейлик, 1 миллион аҳолига олимлар сонини Шарқий Европа ва Болтиқбўйи мамлакатлари даражасига (2500 киши) чиқариш орқали дунё рейтингида 4 поғона юқорилаш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги