Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири иштирокида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида йиғилишлар бўлиб ўтди
2019-10-29 | Хавфсизлик соҳаси
Сўнгги уч йил ичида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ислоҳотлар жараёни жадаллашиб, республикамизнинг ташқи ва ички сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Ушбу ҳаракатларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, энг аввало, юрт тинчлиги ва осойишталигини, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, мамлакатимиз ички ишлар органлари тизими олдига замон талабига мос равишда иш олиб бориш, “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тамойилидан келиб чиққан ҳолда, нафақат содир этилган жиноятларни фош этиш, балки уларни келтириб чиқарувчи омилларни чуқур таҳлил этган ҳолда фаолият кўрсатиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
2019 йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, вилоят Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби иштирокида сайёр йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда вилоятда жиноятчиликка қарши курашишда эришилган ютуқлар ва қайд этилган ижобий натижалар эътироф этилиши баробарида, жиноятчиликни жиловлаш борасидаги камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, келгусида уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида вилоятда амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида қайд этилган жиноятлар сони 24,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар эса 31,2 фоизга камайгани, ҳудудда мажуд 768 та маҳалланинг 381 тасида, яъни деярли ярмида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганлиги эътироф этилди.
Бироқ кейинги вақтларда вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишларда сусткашликка йўл қўйилганлиги танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилди. Жумладан, вилоятда 2019 йилнинг январь ойига нисбатан сентябрь ойида содир этилган жиноятлар сони ортганига эътибор қаратилди.
Бунинг сабаб ва шарт-шароитлари ўрганилганда, аксарият жиноятларнинг барвақт олдини олиш имконияти мавжуд бўлсада, ички ишлар органлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги етарли даражада ташкил этилмагани боис, жиноятлар сони ортишига йўл қўйилган.
Бугунги кунда вилоятда шаклланган криминоген вазиятга баҳо берилиб, жойларда жиноятларни аҳоли ўртасидаги муҳокамалари сифатли ўтказилмаётганлиги, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида профилатик чора-тадбирларни етарли ташкил этмаганлиги учун тегишли соҳавий хизмат ва ҳудудий ИИБлар бошлиқлари огоҳлантирилди.
Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Д.Турсунбоев эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги маълум қилиниб, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган полковник Ш.Сотволдиев Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Йиғилиш якунига кўра вилоятда мавжуд муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олишга янада кенгроқ эътибор қаратиш, фуқароларда мавжуд муаммоли масалаларга яқиндан ёндашиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланиб, масъул раҳбарларга муҳим топшириқлар берилди.
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов жорий йилинг 27 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ҳам борди. Ички ишлар вазирининг Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи доирасида вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизмат раҳбарлари ҳамда барча шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятларни келтириб чиқарувчи омилларини бартараф этиш борасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда умумий жиноятлар ўтган йилга нисбатан 22,6 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 39,1 фоизга камайишига эришилиб, бирорта ҳам шаҳар ва туманда жиноятчилик ўсишига йўл қўйилмагани ҳамда вилоятдаги 718 та маҳалланинг 442 тасида (61%) жиноят содир этилмагани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Йиғилишда ички ишлар бўлими ходимларининг муомала маданияти, хизмат интизомига қатъий риоя этиши, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хотин-қизлар, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги айрим хато ва камчиликларга тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, Термиз шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Узун, Олтинсой, Қизириқ ва Шеробод туманлари Ички ишлар бўлимлари бошлиқларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта муҳим ташаббуси асосида ишларни янада кучайтириш зарурлиги хусусида тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш давомида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган полковник А.Исмоилов тайинланганлиги эълон қилинди.
Тадбир сўнггида вилоятдаги крименоген вазиятни янда яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ходимларнинг касбий билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар юзасидан муҳим вазифалар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги