Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шаффоф ва адолатли солиқ тўлаш механизмини яратиш – асосий мақсад
2019-10-29 | Жамият
28 октябрь куни Давлат солиқ қўмитасида Россия Федерациясининг профессионал таълим институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Экспертлар томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқилаётган кўчмас мулкка солиқ солишни такомиллаштириш концепциясининг методикаси ва асосий босқичлари муҳокама қилинди.
Ушбу тизимни жорий этишдан асосий мақсад – мамлакатда кўчмас мулкка солиқ солиш тизимини оптималлаштириш, тизим шаффоф, ошкора ва адолатли бўлиши учун юқори сифатли механизмларни ишлаб чиқишдан иборат.
Иқтисод фанлари доктори, профессор, кўчмас мулкка солиқ солиш йўналиши бўйича раҳбар Н.В. Волович ва институт ректори, лойиҳа менежери Ю.В. Усова ДСҚнинг бир нечта бошқармалари, хусусан, стратегик ривожлантириш, жисмоний шахсларга солиқ солиш, юридик шахсларга хизмат кўрсатиш, камерал назорат ва АКТ тузилмалари фаолияти билан танишдилар.
Шунингдек, ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси мутахассислари билан ҳам музокаралар олиб боришди. Бундан ташқари, Молия вазирлиги ва ҳокимиятда учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувлар якунларига кўра, аниқ тавсиялар асосида Ўзбекистонда кўчмас мулкка солиқ солишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси