Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония билан инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишнинг бориши муҳокама қилинди
2019-10-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Япония билан инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишнинг бориши муҳокама қилинди.
Муҳокамада Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Е.Фуджияма, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ғ.Фозилов, вазирликлар ва тегишли идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инвестиялар ва ташқи савдо соҳасига масъул ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув япониялик шериклар билан музокараларнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд масалаларни аниқлаштириш ва ҳамкорлик учун ўзаро манфаатли шартларни белгилаб олиш мақсадида уларни ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Япониялик компаниялар билан мустаҳкам ва изчил ҳамкорлик нафақат капитал қўйилмаларнинг сезиларли ҳажмини жалб қилиш ва янги экспорт бозорини ўзлаштириш, балки Ўзбекистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда илғор япон технологияларини жорий этиш имконини ҳам беради. Мазкур жараённи жадаллаштириш мақсадида тегишли ташкилотлар раҳбарларига ҳамкорлик шартларини пухта муҳокама қилиш учун Японияга амалий ташриф ташкил этиш тавсия этилди.
Учрашув чоғида Е.Фуджияма япониялик шериклар билан мулоқотда Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мувофиқлаштириш даражаси юқори эканлигини таъкидлади ҳамда томонларнинг келгуси амалий ҳамкорлик учун ўзаро алоқалар нуқтасини топишига ишонч билдирди. Ўз навбатида элчи жаноблари ишлаб чиқилаётган лойиҳалар бўйича якуний келишувларга тезроқ эришишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини баён қилди.
Муҳокамалар якуни бўйича вазирлик ва идораларнинг амалий ташриф жадвали тузилди ҳамда музокаралар жараёнини ишлаб чиқишни тезлаштириш бўйича ҳаракатлар режаси белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги