Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЙПХ инспектори қоидабузарни кўз билан кўриб ҳам тўхтатишга ҳақли
2019-10-29 | Жамият
Афанди бир куни қўшнисининг боғига ўғриликка тушибди. Уни тутиб олган қўшниси:
– Ўғрилик қилгани уялмайсизми? – деб сўрабди.
Шунда Афанди унга:
– Ўзингиз-чи, ўзингиз нега хотинингизга кўйлак олиб бермаяпсиз? – деб жавоб қайтарибди.
Қўшниси ҳайрон бўлиб:
– Менинг боғимга ўғриликка тушганингизга бунинг нима алоқаси бор деса, Афанди:
– Ўзимни оқлашим учун мен ҳам нимадир дейишим керак-ку, – деган экан.
Шу кунларда айрим қоидабузар ҳайдовчилар ҳам худди Афандига ўхшаб иш тутишяпти. Кейинги пайтда блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган баъзи материаллар билан танишсангиз, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.
Йўл-патруль хизмати ходимларининг фаолияти билан боғлиқ аксарият видеоматериалларда инспектор йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчини тўхтатади. Ҳайдовчи қоидага риоя этмаганини тан олади, аммо «Қоидани бузганлигимни қайд қиладиган махсус мосламангиз йўқ-ку. Демак, айбимни исботлайдиган далилингиз йўқ», деб ЙПХ инспектори билан тортиша бошлайди.
Кўпинча видеоматериалларда ҳайдовчилар йўлдаги энли сидирға чизиқни босиб ҳаракатланганини кўриб, уни тўхтатган инспектордан исботлаб беришини талаб қила бошлайди. Ҳайдовчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда, ЙПХ ходими томонидан транспорт воситалари тўхтатилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидани ўз фойдасига талқин қилишади.
Хусусан, улар қоидадаги «махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда» деган жумлага ёпишиб олишади. Бундай вазиятда Низомни яхши билмаган айрим ЙПХ инспекторлари эса довдираб қолишади. Ваҳоланки, мазкур қоидада «визуал кузатувда аниқланганда» деган жумла ҳам бор.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «визуал кузатиш» жумласига «бирон-бир воқеа-ҳодисани оддий кўз билан ёки дурбин, телескоп ёрдамида кузатиш, ўрганиш» дея изоҳ берилган. Демак, йўл ҳаракати қоидаларини бузган транспорт воситасини кўзи билан кўрган ЙПХ инспектори ҳайдовчини тўхтатишга қонунан ҳақли. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида Низомнинг ЙПХ ходими хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши; йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши лозимлиги; йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмасликка ҳаққи борлиги ҳақидаги қоидалар 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кириши кўрсатиб ўтилган.
Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтиш лозим. Юқоридаги низомда кўрсатилган талаб − транспорт воситасини бошқаришда белгиланган ҳужжатларни (транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси, юк ҳужжатлари), шахсини тасдиқловчи (ҳайдовчи транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳолларда) ҳужжатларни ЙПХ ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этишнинг ҳам нотўғри талқин қилинаётганига дуч келинмоқда. Яъни, тегишли ҳужжатларни тақдим этиш деганда, қоидабузар ҳайдовчилар талаб қилинган ҳужжатларни ўз қўлларида ушлаб турган ҳолда очиб кўрсатиш тарзида тушунишмоқда. Ваҳоланки, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида кўрсатилишича, «тақдим» – бир нарсани бирор кимсага бериш маъносини билдиради.
Тағин бир мулоҳаза. Айрим блогерлар томонидан тарқатилаётган видеоматериалларга турли изоҳлар қолдирилади. Лекин «жабрланган» қоидабузар ҳайдовчини ҳимоя қилиш мақсадида воқеа-ҳодисанинг гувоҳи бўлмаган кишилар томонидан йўл-патруль хизмати инспекторларининг қонуний хатти-ҳаракатига берилаётган баҳо, уларнинг фикри нечоғлик холис бўларкан? Халқимизда «Санамай саккиз дема» деган мақол бор. Албатта, бировни ёмонотлиқ қилиш жуда осон. Аммо қоидаларни атайин бузаётган ёки «қўлингдан нима келади» қабилида иш тутаётган транспорт воситаси ҳайдовчиси сизу бизнинг, яқинларимизнинг ҳаётини хавф остида қолдирмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари, подполковник Қобулжон Шокиров
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги