Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
2019-10-28 | Таълим
Юртимиз 2021 йилда илк маротаба PISA, PIRLS халқаро тадқиқотларида иштирок этади. Мазкур жараёнга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил этилган бўлиб, марказ томонидан мамлакатимиз таълим сифатига халқаро даражада баҳо бериладиган мазкур синовларга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан,жорий йилнинг 25 октябрь куни марказда юртимизда PISA, PIRLS халқаро тадқиқотларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи А.Раджиев, Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази директори Ш.Қаюмов, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори А.Исмоилов ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази, А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда марказ томонидан PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларига тайёргарлик бўйича OECD (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) ва IEA (Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди. Халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик кўриш бўйича хорижий давлатлар илғор тажрибаларидан мисоллар келтирилди.
Муҳокама жараёнида ушбу жараёнда мавжуд муаммолар ва амалга оширилиши лозим ишлар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, ўқувчиларнинг компютер саводхонлигини ошириш, махсус тренажёр дастур яратиш, ўқитувчиларни малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, дарсликларни яратишда халқаро баҳолаш дастурлари талаблари даражасидаги топшириқларни киритиш, тадқиқотларга тайёрланишда мактаб педагог жамоасининг мотивациясини кучайтириш, ота-оналар билан ишлаш механизмини ишлаб чиқиш, методик кунлар ва таянч мактаблари имкониятидан самарали фойдаланиш, ўқувчи ва ўқитувчилар учун ўқув-методик материаллар яратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилганлар халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳамда амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини муҳокама қилиш учун тез-тез учрашиб туришга келишиб олишди.