Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси Халқаро Пресс-клубда муҳокама қилинди
2019-10-28 | Таълим
25 октябрь куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси муҳокамасига бағишланган махсус сессияси бўлиб ўтди. Дастур “Ўзбекистон24” телеканали томонидан тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Халқаро пресс-клубда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, вазирлик бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар ҳамда талабалар иштирок этди.
Мавзу юзасидан жамоатчилик фикрига ҳам қулоқ тутиш ҳамда оммага концепция юзасидан батафсил маълумот тақдим этиш мақсадида дастурга журналистлар, блогерлар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш талаби қўйилган. Яқин келажакда республикамизнинг яна 10 та олий таълим муассасаси (ЎзМУ, ТИҚХММИ, ТДТУ, ТАТУ, СамДУ, ТДАУ, УрДУ, ТТА, Турин политехника университети, ҚҚДУ) халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидан ўрин олади.
Бундан буён Ўзбекистонда ҳам аҳолини олий таълим билан қамраб олиш (2019-2020 ўқув йилида аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган) даражасини ошириш, университетларнинг халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингидан жой олиш бўйича талаблар қўйилди. Эндиликда Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университети мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айланади.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш назарда тутилган. Шунингдек, халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан маркази – Президент университети ташкил этилади, таълимга кредит-модули тизими жорий қилинади.
2019 йил аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 50 фоиздан ошади. Нодавлат, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий таълим муассасалари сони 35 тага етказилади. Кредит-модуль тизими жорий этиладиган олий таълим муассасалари сони ҳам ҳозирги 2 тадан 85 тага кўпаяди.
Олий таълим массасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш олий таълимнинг мобиллигини оширади, таълимнинг кейинги босқичларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда халқаро миқёсда эътироф этилишига омил бўлади.
Олий таълим тизимининг ривожланиш босқичларида “учинчи авлод” университетлари (тадбиркорлик экотизимлари, истиқболли технологиялар бозорлари ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини халқаро даражада таъминлаш)га бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг ўзаро узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб берилди.
- Концепциянинг қабул қилиниши битта масала. Уни амалга ошириш эса энг катта вазифамиздир. Ҳозир белгилаб берилган кўрсаткичларга эришиш осон эмас, бунинг учун тизимли ишларни олиб бориш керак бўлади, - деди вазир Иномжон Мажидов. - Жамият томонидан, давлат томонидан олий таълимга катта талаблар, катта марралар қўйилди. Агар олий таълим муассасалари кўрсатилган марраларни, белгиланган кўрсаткичларни эгаллай олса, шундагини таълим хизматлари бозорида ўз ўрнини топади ва фаолият юритади.
Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси талаблари ўз вақтида бажарилса, ҳеч шубҳасиз таълим сифати ва университетлар нуфузи ошади, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў эътибори ҳам юксалади. Энг муҳими, юрт тақдирини, миллат келажагини ҳал этадиган билимли, истеъдодли барча мезонларда ҳеч кимдан кам бўлмаган янги авлод юзага келади. Албатта, белгилаб берилган кўрсаткичларга эришиш осон эмас. Бунинг учун барчамиз – олий таълим муассасалари ходимлари, кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Пресс-клуб сессиясида талабалар ҳам савол ва таклифлари билан фаол иштирок этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги