Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида 25 октябрь куни Ўзбекистоннинг жаҳон молия бозорига интеграциялашуви, бу жараёндаги асосий тенденциялар, муаммолар ва истиқболлари муҳокамасига бағишланган анжуман ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизда банк активлари ҳажми 32,8 фоизга, кредит қўйилмалари 45 фоизга, жалб қилинган жами депозитлар ҳажми 34,6 фоизга ўсган. Хорижий давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалар фаоллашиши натижасида товарлар экспорти ҳажми жорий йил биринчи ярмида 48,8 фоизга ошиб, 1,1 миллиард АҚШ долларидан зиёд валюта маблағлари иқтисодиётимизга кириб келиши таъминланган. Шунга мос равишда мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажми 1 сентябрь ҳолатига кўра 27,9 миллиард долларга етган.
Илмий-амалий анжуманда банк-молия соҳаси мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “ЎзЛиДеП” партияси фракцияси аъзолари, халқаро ташкилотлар экспертларининг таъкидлашича, ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолияти жаҳон молия бозорига глобаллашувида ижобий тенденцияларга эга бўлаётганини ифодалайди.
Шу билан бирга, жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини фаоллаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим масалалар бор. Булар Ўзбекистонда миллий банк, суғурта, корпоратив бошқарув тизимлари моделларини ислоҳ этиш ва такомиллаштириш, хусусийлаштириш механизмлари, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, ташқи инвесторлар билан давлат-шериклик асосида ишлаб чиқаришни ривожлантириш каби қатор устувор вазифаларни ўз ичига олади.
Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига интеграциялашувида яна бир муҳим йўналиш борки, бу мамлакатда молиявий шаффофликни таъминлашдир. БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Виктория Аношкинанинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатимизда айни йўналишда жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда.
– Ўзбекистонда бюджет қонунчилиги такомиллаштирилмоқда, – дейди В.Аношкина. – Ўтган йилдан мамлакатда ўрта муддатли бюджетни режалаштиришга ўтилди. Ҳисоб ва ҳисобдорлик тизимларининг халқаро стандартларга мослиги таъминланмоқда. Фискаль маълумотлар очиқланмоқда, хусусан, 2018 йилдан фуқаролар учун бюджет тўпламини нашр этиш йўлга қўйилди. Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати фуқароларга бюджет маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этувчи юздан ортиқ давлатлар қаторига қўшилди.
Анжуманда фискаль шаффофлик йўналишлари, хусусан, мамлакатимизда ўрта муддатли бюджетни режалаштиришни ривожлантириш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Конференция доирасида давлат облигацияларини чиқариш бўйича Ўзбекистон тажрибаси, халқаро рейтинг ва индекслар аҳамияти, ягона банк платформаси, пул-кредит сиёсати, молиявий хизматларни рақамлаштириш истиқболлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА