Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2019-10-28 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари 2019 йилнинг ўзида қўшимча 33,2 минг гектарда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилишини таъминлаш имконини берди, бу эса шу каби технологиялар қўлланилаётган ерлар умумий майдонининг 44 фоизини ташкил этди.
Бироқ сув тежовчи суғориш технологиялари қўлланилаётган умумий майдон атиги 75 минг гектарни ёки умумий суғориладиган ер майдонларининг 1,7 фоизини ташкил этаётгани қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришга ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада фаоллаштириш заруратини тақозо этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш механизмларини янада кенгайтириш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳосилдорлиги даражасини яхшилаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сон Фармонига мувофиқ 2019-2022 йиллар давомида 253 381 гектар экин майдонида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг:
2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4087-сон қарорига мувофиқ пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидиялар тақдим этилаётганлиги;
2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4161-сон қарорига мувофиқ янги узум плантацияларини яратиш мақсадида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишга узум экиладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидиялар тақдим этилаётганлиги;
2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4246-сон қарорига мувофиқ янги боғлар ва иссиқхона хўжаликларини яратиш мақсадида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишга экин майдонининг ҳар бир гектари учун 6 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар тақдим этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020 йилда 43 825 гектарда, шу жумладан:
24 859 гектар – пахта экин майдонларида;
11 498 гектар – мевали экин майдонларида;
4 987 гектар – узумзорларда;
2 481 гектар – бошқа экин майдонларида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларининг самарали бажарилишини таъминласин.
2. 2020 йил 1 январдан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 1-иловага мувофиқ субсидиялар тақдим этилади;
бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4087-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларга қишлоқ хўжалиги экинларини ишлаб чиқаришда сув тежовчи суғориш технологияларининг барча турларини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилсин.
4. Белгилансинки:
а) сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилишини таъминлаш учун сув етказиб бериш насос станциялари ва насос агрегатлари ёрдамида, шу жумладан, суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан амалга ошириладиган экин майдонлари устувор ҳисобланади;
б) 2020 йил 1 январдан ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби бекор қилинади;
в) 2022 йил 1 январдан:
пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун насос агрегатлари
ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қоплаш тартиби фақат сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига татбиқ этилади;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув хўжалиги ташкилотларининг суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланишга сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш шарти билан рухсат этилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 20 ноябрга қадар ҳудудлар ва экин майдонларини кўрсатган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари ва сув тежовчи суғориш тизимлари турлари кесимида 2020 йил учун сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш манзилли дастури ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда мазкур қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
сув тежовчи суғориш тизимларининг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш соҳасида саноат тармоқлари ўртасидаги
ўзаро кооперацияни кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятларни ўргансин;
сув тежовчи суғориш тизимларининг маҳаллийлаштирилиши лозим бўлган бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмларининг аниқ рўйхатини мавжуд хом ашё ресурсларини инобатга олган ҳолда шакллантирсин;
2020-2022 йилларда сув тежовчи суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва унинг қувватларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлати, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Туркия Республикасидаги элчихоналари ва мамлакатнинг хориждаги бошқа дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда:
сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни кенгайтиришда, шунингдек, мамлакат ҳудудларида сув тежовчи суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун чет эл инвесторларини жалб қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига кўмаклашишни;
2020 йил 1 июнга қадар ушбу банд ижроси доирасида кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар сув хўжалиги насос станцияларида Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига мос келувчи ўлчов асбоблари жорий этилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олимлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда 2019 йилда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш самарадорлиги юзасидан ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил ўтказсин, уларнинг натижалари асосида:
2019 йил 15 декабрга қадар сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш натижалари ва ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин;
2020 йил 1 февралга қадар ҳудудлар, суғориладиган далалар ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда уларнинг навлари хусусиятларидан келиб чиқиб, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ва қўллаш бўйича услубий тавсияларни, шунингдек, улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) 2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидагиларни назарда тутсин:
2021-2025 йилларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишнинг асосий йўналишлари ва устувор ҳудудлари, шунингдек, 2030 йилгача мақсадли мўлжалларни;
сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар ўлчамини инобатга олган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини босқичма-босқич ошириш ҳамда насос станцияларини бошқаришни мақбуллаштиришни;
сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш тадбирларини халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантлари ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобидан молиялаштириш тартибига ўтиш ва харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаш механизмларини жорий этишни;
алоҳида сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилишни босқичма-босқич йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги кластерларига беришни;
в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қисқа муддатли сайёр ўқитиш курсларини ўтказишни назарда тутувчи режа-график ва ўқув дастурини ишлаб чиқсин;
г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар мазкур қарорнинг ижро этилиши ҳолати ва натижалари таҳлили асосида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг сув тежовчи технологияларини жорий этиш прогноз кўрсаткичларини ошириш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш манбалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
д) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув хўжалиги ташкилотларининг суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланиш тартибини сув тежовчи суғориш технологияларини мажбурий тартибда қўллаш бўйича талаб киритилишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига
2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва вазифалари, шунингдек, жойларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш жараёнлари ҳамда натижаларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 25 октябрь
Манба: ЎзА