Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нурафшон шаҳрида “Invest in Tashkent region” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди
2019-10-25 | Иқтисодиёт
25 октябрь куни Нурафшон шаҳрида “Invest in Tashkent region” халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Форумда вазирликлар, идоралар ва ишлаб чиқариш бирлашмалари раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий ишбилармон доира вакиллари, халқаро молия институтлари ҳамда чет эл дипломатик ваколатхоналари бошлиқлари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Форумни Ҳукумат номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков очиб берди. У ўз сўзида Тошкент вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига тўхталиб, энергетика, металлургия ва тоғ-кон сектори, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ипак тўқимачилиги, чарм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш,
фармацевтика, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришда катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг тадбиркорларини янги инвестициявий лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга қаратилган фаол ҳамкорликка чорлади.
“Ангрен” эркин иқтисодий зонаси, иккита “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” махсус фармацевтика зоналари, “Чорвоқ” эркин сайёҳлик зонаси, ҳамда иқтисодий зоналарни бошқаришнинг илғор тажрибасини татбиқ этиш бўйича Туркиянинг “Гебзе” компанияси билан Зангиота туманида ташкил этилаётган алоҳида саноат зоналари ҳудуд ривожида муҳим роль ўйнаши таъкидланди.
Форум дастури тематик тақдимотлар, иқтисодий ва молиявий экспертларнинг чиқишлари, тадбиркорлар учун сессиялар ва бошқа тадбирларни ўз ичига олган.
Форум якунлари бўйича умумий қиймати 700 миллион доллардан кам бўлмаган инвестиция келишувларининг имзоланиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги