Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

The Luxury Symposium 2019 тадбирида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди

2019-10-25 | Туризм

21-22 октябрь кунлари Деҳли шаҳри (Ҳиндистон)да The Luxury Symposium 2019 тадбири бўлиб ўтди. Ушбу анжуман турли давлатлар вакиллари, жаҳонга машҳур ижодкорлар, халқаро бизнес етакчилари, ишбилармонлар ва сармоядорларни бир платформада жамлади. Тадбир Luxury League нотижорат жамғармаси томонидан Ўзбекистон томон ҳамкорлигида ташкил этилган.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари маданият ва санъат каби кўплаб йўналишларда фаол ривожланмоқда. 2020 йилда Ўзбекистон амалий санъат усталаридан иборат делегациянинг Ҳиндистондаги энг йирик Ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиши режалаштирилмоқда.

“Биз Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм ва маданият элчиси Риту Бери билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар ўтказганмиз. Жорий йилнинг апрелида ўтказилган йирик Ferghana Fantasy шоуси шулар жумласидандир. Тадбирнинг мақсади анъаналар ва амалий санъат, хусусан, ўзбек хон атласи, адраси ва ҳинд кадисини бирлаштиришдан иборат эди,- деди Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев. – The Luxury Symposium — Ўзбекистоннинг туристик, маданий ва экспорт салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган самарали платформа”.

The Luxury Symposium 2019 тадбирида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиб, у ерда Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек турли ҳудудларнинг туристик салоҳияти намойиш этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси номидан раис ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳамда Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари, Ҳунармандлар уюшмаси, экспортчи компаниялар, нашриёт уйлари, парфюмер брендлари, fashion дизайнерлардан иборат 60 кишилик делегация иштирок этди.

“Ҳунармандчилик маҳсулотлари бизнинг маданиятимиз ва туризм маҳсулотларимиз қаторини янада бойитиб, юртимиз жозибасини оширишга ёрдам беради. Биз Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари кўмагида бу каби тадбирларни дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказишни режалаштиряпмиз”, - деди Улуғбек Аъзамов.

The Luxury League нотижорат жамғармасининг ҳаммуассиси Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият ва туризм элчиси Риту Бери ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, The Luxury Symposium икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади: “Ўзбекистонликлар миллий матолари, айниқса сўзанадан фойдаланишда ажойиб имкониятларга эга. The Luxury Symposium иштирокчилари тадбир доирасида дунёга машҳур нашрларга интервью бериш, Болливуд ва ҳиндистонлик дизайнерлар билан ҳамкорлик қилиш, янги коллекциялар яратиш ҳамда тажриба алмашишлари мумкин. Бу мамлакатлар ўртасидаги мулоқот учун қулай платформадир. Ўйлашимча Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлари кўп. The Luxury Symposium’да иштирок этиш бир биримизга ривожланишда ёрдам бериш учун суҳбатлашиш, ўрганиш, тушуниш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун айни муддаодир”.

Шунингдек, The Luxury Symposium доирасида маданий мерос ва амалий санъатни асрашга йўналтирилган мулоқотлар серияси ўтказилди. Симпозиум давомида бўлиб ўтган ярмарка эса Ҳиндистон аҳолисини ўзбек маданияти билан таништириш ҳамда янги ҳамкорларни топишда муҳим аҳамият касб этди. Нуфузли кўргазмада Ўзбекистоннинг Anor Couture, Dilnoz, Dilrabo Design, Begim Treasure Collection, Bukhara Brillian Silk, Ҳунармандлар уюшмаси, Visit Uzbekistan журнали ҳамда Dinara&Co. ўз стендлари билан иштирок этишди. Икки мамлакат вакиллари томонидан ўтказилган тадбирлар муваффақияти муносабати билан икки томон вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан тантанали қабул маросими ташкил этилди. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться