Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирининг БМТ бош котибининг ёрдамчиси – БМТТД администраторининг махсус маслаҳатчиси билан учрашуви
2019-10-25 | Сиёсат
Жорий йилнинг 23 октябрь куни адлия вазири Русланбек Давлетов БМТ бош котибининг ёрдамчиси – БМТ Бош котиби ёрдамчиси – БМТ Тараққиёт дастури маъмури махсус маслаҳатчиси Абдулае Мар Дийе бошчилигидаги БМТТД делегацияси билан учрашди.
Учрашувдан кўзланган мақсад келажакдаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.
Р. Давлетов меҳмонларни қутлар экан, уларни вазирлик тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолияти билан таништириб, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқишга рақамлаштиришни жорий этиш, вазирликда иш юритиш ва давлат хизматларини тақдим этиш соҳасидаги сўнгги ижобий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув чоғида адлия органларида коррупцияга барҳам бериш, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида Абдулае Мар Дийе Р. Давлетовга самимий учрашув учун миннатдорлик изҳор қилиб, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, электрон ҳукуматни жорий этиш ва иқтисодиётни трансформация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
Учрашув сўнгида хорижий томон вазирлик томонидан коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқ устуворлиги ва рақамлаштириш йўналишларидаги ташаббусларни рўёбга чиқаришда кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Маълумот учун: БМТ Бош котиби ёрдамчиси – БМТ Тараққиёт дастури маъмури махсус маслаҳатчиси Абдула Мар Дийе Ўзбекистонга жорий йили 24—25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб номланган юқори даражадаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун ташриф буюрган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги