Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жамоасига
2019-10-25 | Сиёсат
Қадрли дўстлар!
Сиз, азизларни Ўзбекистон рангли металлургия саноатининг етакчиси – Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташкил топганининг қутлуғ 70 йиллик санаси муносабати билан чин қалбимдан табриклайман.
Комбинат тарихи республикамизда рангли, нодир ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ҳамда уларни қайта ишлашга қаратилган мутлақо янги тармоқнинг яратилиши ҳамда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий Олмалиқ шаҳрининг пайдо бўлиши билан бевосита боғлиқдир. Бу тарих замирида шонли анъаналарни муносиб давом эттираётган, бутун билим ва тажрибаси, маҳорати, қалб қўрини ўз ишига бахшида этиб, фидокорона меҳнат қилаётган минг-минглаб одамларнинг жуда катта машаққатли хизматлари мужассам.
Корхонанинг бунёд этилиши мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган минерал бойликларни кенг кўламда ўзлаштиришга йўл очиб берди.
Сизларга маълумки, бугунги кунда юртимиз тараққиётининг янги босқичида биз саноат ва иқтисодий салоҳиятимизни ҳар томонлама ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Комбинат мисолида оладиган бўлсак, бу борада ўтган йили қабул қилинган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор корхона фаолияти учун катта имкониятлар яратиб бермоқда.
Ушбу улкан мажмуанинг кўп миллатли ва аҳил жамоаси республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган чуқур таркибий ислоҳотлар жараёнида, бутун мамлакатимизни, миллий иқтисодиётимизни тубдан модернизация қилишда фаол иштирок этаётганини барчамиз яхши биламиз ва чексиз қадрлаймиз.
Ҳеч шубҳасиз, Ватанимизнинг куч-қудрати ўсишида, Ўзбекистонда қазиб олинаётган қимматбаҳо ва рангли металларнинг юксак сифати бутун дунёда алоҳида эътироф этилишида иқтисодиётимизнинг локомотиви ҳисобланган комбинатнинг 35 минглик жамоаси салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Ҳозирги вақтда мажмуа томонидан Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги қимматбаҳо ва рангли металлар энг илғор технологиялар асосида, етакчи хорижий компаниялар ҳамкорлигида жадал ўзлаштирилмоқда, харидоргир маҳсулотлар ҳажми оширилиб, уларнинг 70 фоиздан ортиғи экспорт қилинмоқда.
Жаҳон бозоридаги кескин рақобат шароитида ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида комбинатнинг узоқ муддатли модернизация дастури ишлаб чиқилди.
Айни пайтда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани айниқса эътиборга лойиқ. Хусусан, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида барпо этилган Ангрен қувур заводи, Жиззах вилоятида цемент заводи фойдаланишга топширилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида энг йирик – бир йилда 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлган мис бойитиш фабрикаси ва бошқа замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг қурилиши бошланди.
Энг муҳими, олиб борилаётган жадал ва тизимли бунёдкорлик ишлари натижасида маҳаллий аҳоли учун минглаб қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Яқин йилларда комбинатни модернизация қилиш дастури доирасида 2023 йилга келиб ишлаб чиқариш ҳажмининг 2,5 баробарга ўсишини таъминловчи тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, ишлаб чиқаришни тубдан янгилаш ва илмий технологияларни жорий этиш масалалари юқори малакали кадрларни талаб қилади. Шу боис, белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлашга қодир бўлган замонавий ва етук мутахассисларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Олмалиқда фаолият юритаётган Тошкент давлат техника университетининг филиали, шунингдек, ўтган йили ташкил этилган Россия Федерациясининг Миллий технологик тадқиқотлар университети Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали ушбу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Корхонанинг барча ишчи-ходимлар учун муносиб ҳаёт ва меҳнат шароитларини, уларга ҳамма қулайликларни яратиб бериш борасидаги ижобий тажрибасини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугун бу ерда замонавий уйлар, маданият ва спорт масканлари, равон кўчалар, кўркам ва файзли гўшалар, бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилмалар бунёд этилмоқда. Бу беқиёс рағбат ва эътиборнинг яққол мисолини – йилдан-йилга ривожланиб, хорижий меҳмонлар ва инвесторлар учун жозибадор бўлиб бораётган Олмалиқ шаҳрининг обод ва фаровон қиёфасида ҳам кўриш мумкин.
Ҳурматли дўстлар!
Бугунги шиддатли даврнинг ўзи бутун халқимиз қатори комбинат жамоаси олдига ҳам миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим ва стратегик вазифаларни қўймоқда.
Мажмуа базасида юқори технологик ва қўшимча қийматга эга харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бу йўлда юртимизнинг табиий, меҳнат ва интеллектуал ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш масалалари ғоятда долзарб бўлиб турибди.
Ишончим комилки, комбинатнинг юксак касбий маҳоратга, бой билим ва малакага эга меҳнаткашлари бу муҳим ҳамда дастуриламал вазифаларни шараф ва матонат билан уддалайдилар.
Ушбу айём муносабати билан сизларни яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида олиб бораётган бунёдкорона меҳнатингизда янги зафарлар тилайман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти