Тошкент фотосуратлар уйида Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан “Ипак йўлининг қудрати: ажойиб Хитой” номли кўргазма ташкил этилди.
Унда Хитойнинг Дальян Бадиий академияси рассомлар уюшмаси аъзоларининг анъанавий рангтасвир асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Экспозицияда замонавий Хитой рангтасвирининг Чжан Лун Син, Куан Сяо Цзин, Ли Мин, Ян Лан Шэн, Ян Хуэй Дун, Ду Сун Жу сингари тасвирий санъат усталарининг олтмишдан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда.
Асарларда мамлакатнинг гўзал, вазмин ва сокин табиати, мафтункор манзаралари лирик ва адабий талқин этилган. Анъанавий хитой рангтасвири ранглар ва чизиқлар ниҳоятда нафислиги билан ажралиб туради. Картиналар томошабинда фалсафий мушоҳада уйғотиб, унинг нафосат оламини тарбиялашга хизмат қилади. Хитойнинг бетакрор табиати, тоғларию шаршаралари, зумрад ўрмонлари, ўсимликлар бой дунёси ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу кўргазма томошабинларда катта таассурот уйғотмоқда.
Н.УСМОНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА