Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Токиодаги учрашувлари
2019-10-25 | Сиёсат
Ўзбекистон делегацияси Японияга ташрифи доирасида мазкур мамлакатнинг Иқтисодий тараққиёт давлат вазири, Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси бош котиби Ясутоши Нишимура билан учрашди.
Мулоқот чоғида Я.Нишимура Япониянинг янги Императори тахтга ўтириши маросимида Ўзбекистоннинг юқори даражадаги иштироки учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Япония учун стратегик муҳим шерик экани ва Токио турли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Япония томони кунчиқар мамлакатга амалга ошириладиган юқори даражадаги ташрифга жиддий тайёргарлик кўраётгани, бу муҳим воқеанинг муваффақиятли ўтиши ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли туртки бериши қайд этилди.
Томонлар Япония парламенти ёш аъзоларининг Ўзбекистонга яқинда амалга оширган ташрифини юқори баҳоладилар, қонунчилик органлари вакиллари ўртасида ўзаро ташрифларни давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати