Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро полиция саммитидаги иштироки якунлари
2019-10-24 | Хавфсизлик соҳаси
Жорий йилнинг 20-23 октябрь кунлари Сеул шаҳрида Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги томонидан ташкил этилган Иккинчи халқаро полиция саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ делегацияси ҳам ушбу нуфузли тадбирда иштирок этди.
Саммит бутун дунё полиция ташкилотлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиладиган йирик тадбирлардан биридир. Унда ўттиздан ортиқ хорижий давлатдан келган 100 нафардан зиёд вакил қатнашди.
Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегациясининг Korea Police world Expo-2019 кўргазмасига ҳам ташрифи уюштирилди.
Кўргазмада иштирок этган компания ходимлари Кореяга ташриф буюрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларини хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги сўнгги ишланмалар билан таништиришди.
Меҳмонлар учун замонавий қурол-яроғ, махсус техника, текширув ускуналари, патруль автомобиллари, кўчма лабораториялар ва жамоат тартибини сақлашга оид вазифаларни бажаришга мўлжалланган пилотсиз учувчи аппаратлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида қўлланиладиган махсус кийим-бош ва техника намуналари намойиш этилди.
Шахсни идентификация қилиш соҳасида фойдаланиладиган илғор технологиялар, шунингдек, биометрик маълумот сканерлари, шахсни аниқлаш тизими ҳамда йирик шаҳар шароитида йўл ҳаракатини назорат қилиш услублари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги бош комиссари Мин Габ Рёнг билан музокара олиб борди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши, терроризм, одам савдоси, ноқонуний миграция, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш муаммоларини, бу соҳаларда маълумот алмашиш амалиётини такомиллаштириш бўйича вазифаларни, ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди.
Учрашув ва музокара натижаларига кўра, томонлар идоралар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга, тажриба алмашиш бўйича қўшма семинар ва тренинглар ўтказишга, икки давлатнинг пойтахтлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги