Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ Эксимбанки (Экспорт-импорт банки) Президенти К.Рид билан учрашув бўлиб ўтди
2019-10-24 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 22 октябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков АҚШ Эксимбанки (Экспорт-импорт банки) Президенти К.Рид билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг жадал ривожланишини ҳисобга олиб, ҳамкорлик ва уни кенгайтириш истиқболлари, ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли шериклик учун яратилаётган имкониятлар ҳамда мамлакатнинг кредит рейтингларини яхшилаш борасида фикр алмашдилар.
Саноат ва инфратузилмавий қурилиш соҳасида қўшма инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш ҳажмини кўпайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Американинг юқори технологияли жиҳозларини харид қилишда АҚШ Эксимбанкининг ёрдами имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистон тижорат банклари билан аввалги келишувлар доирасида жалб этилган маблағни ўзлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар юзасидан келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги