Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ТИВ делегациясининг Чехиядаги учрашувлари тўғрисида
2019-10-24 | Сиёсат
2019 йилнинг 23 октябрь куни Прага шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегациясининг Ўзбекистон-Чехия сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундида иштироки доирасида Чехия Республикаси Президенти маслаҳатчиси - давлат раҳбари Администрациясининг ташқи сиёсий масалалар бўйича департаменти директори Рудольф Йиндрак билан учрашув ўтказилди.
Музокаралар чоғида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, хусусан сиёсий мулоқотни, жумладан олий даражада, мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда айрим минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Чехия томони Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнига ва республиканинг замонавий ташқи сиёсат йўналишига юқори баҳо берди ҳамда мамлакатимиз билан кўп қиррали самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларни чуқушлаштиришга қизиқиш билдирди.
Делегация Саноат ва савдо вазирлигида ҳам учрашувлар ўтказди. Мазкур учрашувларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 23 сентябрь куни Прага шаҳрида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши якунларига, ушбу тадбир давомида эришилган келишувлар, аниқ қўшма лойиҳа ва дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Икки томонлама савдони кенгайтириш ва инвестицион-технологик ҳамкорликни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги