Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Братиславада Ўзбекистон-Словакия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
2019-10-24 | Сиёсат
2019 йилнинг 21-22 октябрь кунлари Братислава шаҳрида Ўзбекистон-Словакия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг тўртинчи раунди бўлиб ўтди.
Томонларнинг делегацияларига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Словакия Республикаси ТИВ давлат котиби Лукаш Паризек раҳбарлик қилди.
Учрашувда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уларни чуқурлаштириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, ўзаро манфаат касб этадиган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Словакия турли йўналишларда самарали ва икки томон учун ҳам фойдали ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ чоралар қўллаш тўғрисида келишувга эришилди. Шу нуқтайи назардан икки томонлама Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Идоралараро комиссиясининг биринчи мажлисини тез орада ўтказиш долзарб масала ҳисобланади.
Музокараларда икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Братислава шаҳрида бўлиш доирасида Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистоннинг Словакиядаги фахрий консули, “Ситно ҳолдинг президенти Людовит Чернак ва “Medirex Group" Словакия компанияси бошқаруви раиси Радослав Бардун билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги